Ўзбекистон Республикаси президенти “Ёшларни илм-фан соҳасига жалб этиш ва уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.
Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, Фанлар академияси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг:
Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузурида Ёшлар академиясини юридик шахс мақомисиз ташкил этиш;
Ёшлар академиясига раҳбарликни Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазирининг биринчи ўринбосарига юклаш;
Ёшлар академиясига ўзларининг инновацион лойиҳалари ва ғояларига эга иқтидорли ёшлар ва талабалар, 40 ёшгача бўлган олимлар ва тадбиркорлардан ташкил топган жамоаларни танлов асосида қабул қилиш тўғрисидаги таклифига розилик берилди.
Белгиланишича, Ёшлар академиясининг жамоалари аъзолари Ёшлар академияси аъзолари ҳисобланади.
Ёшлар академиясининг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди:
давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, илмий-тадқиқот ва таълим муассасалари билан ҳамкорликда ёшларнинг ижодий, интеллектуал ва тадбиркорлик салоҳиятини ошириш;
иқтидорли ва ташаббускор ёшлар бўйича ягона маълумотлар базасини шакллантириш ва мунтазам янгилаб бориш ҳамда уларнинг мамлакатнинг етакчи олимлари ва ишбилармонлари билан ҳамкорлигини таъминлаш;
илмий-тадқиқотларни бажариш иштиёқига эга иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, амалий ва инновацион тадқиқотларни олиб боришларига имкон яратиш, янги авлод ёш олимларини тайёрлаш бўйича тизимли ишларни амалга ошириш;
ёш олимлар томонидан аниқ вазифаларни ҳал этишга, ички ва ташқи бозорларда талаб юқори бўлган илғор технологик ишланмаларни ишлаб чиқишга қулай шароитлар яратиш;
илмий-инновацион акселератор ва бизнес-инкубаторларни ташкил этиш асосида ташаббускор ёшларни тадбиркорлик фаолиятига йўналтириш;
ёшларнинг стартап лойиҳаларини хўжалик бошқаруви органлари ва давлат улуши мавжуд корхоналарни изчил ривожлантириш бўйича замон талабларига жавоб берадиган, тижоратлаштириш даражаси юқори бўлган маҳсулотлар ва хизматларни ишлаб чиқаришга йўналтириш;
иқтидорли ёшларнинг ривожланган хорижий мамлакатларнинг нуфузли илмий марказлари, университетлари, технопарклари ва ишлаб чиқариш корхоналарида малака оширишларига кўмаклашиш;















