Спорт | 08:38 / 01.09.2019
13447
2 дақиқада ўқилади

Поветкин Хьюи Фьюри устидан ғалаба қозониб чемпионлик камарини қўлга киритди

Фото: REUTERS

Ўта оғир вазн тоифасида WBA’нинг собиқ мунтазам жаҳон чемпиони, россиялик Александр Поветкин WBA халқаро чемпиони камарини қўлга киритди. У Лондонда ўтган 12 раундлик жангда британиялик Хьюи Фьюрини очколар бўйича 117:111 ҳисобида мағлуб этди.

Поветкин британиялик Энтони Жошуадан мағлубиятга учрагандан кейин илк бор рингга кўтарилди. 2018 йил сентябрда ўтган жангда россиялик 7-раундда техник нокаут билан мағлубиятга учраганди. Шундан кейин у икки қўлида операция ўтказган, унинг кейиги жанги санаси бир неча марта кўчирилган. 

Жангга қайтсак, умуман олганда у унча қизиқарли ўтмаган ва воқеаларга унча бой бўлмаган. Фьюри россияликдан фаолроқ муштлашган, бироқ Поветкин кўпроқ аниқроқ зарбалар беришга муваффақ бўлган. 

Эндиликда 2 сентябрда 40 ёшга тўладиган Поветкиннинг ҳисобида 35 ғалаба ва 2 та мағлубият бор. У бу ғалаба билан ўз туғилган кунига ўзига хос совға қилди. 

Собиқ жаҳон чемпиони Тайсон Фьюрининг амакиваччаси бўлган 24 ёшли Хьюи Фьюрининг ҳисобида эса эндиликда 23 ғалаба ва 3 мағлубият бор.

Мавзуга оид