Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида янги Солиқ кодекси лойиҳаси яна жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди.

Солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган муддатлар рўй бериши керак бўлган воқеа ёки амалга оширилиши керак бўлган ҳаракат кўрсатилган календарь сана билан ёки вақтнинг йиллар, чораклар, ойлар ёки кунлар билан ҳисобланадиган ўтиш даври билан аниқланади.

Календарь санадан ёки воқеа рўй бериши керак бўлган санадан кейинги кун солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган муддатни ҳисоблаш куни деб ҳисобланади.

Йиллар билан ҳисобланадиган муддат муддатнинг охирги йилининг тегишли ойи ва кунида тугайди. Бунда кетма-кет келадиган 12 ойдан иборат ҳар қандай вақт даври йил деб эътироф этилади, календарь йил бундан мустасно.

Чораклар билан ҳисобланадиган муддат муддатнинг охирги ойининг тегишли кунида тугайди. Бунда чорак уч календарь ойга тенг деб ҳисобланади, чоракларни санаш эса календарь йил бошидан эътиборан олиб борилади.

Ойлар билан ҳисобланадиган муддат муддатнинг охирги ойининг тегишли кунида тугайди.

Агар муддатнинг тугаши тегишли сана мавжуд бўлмаган ойга тўғри келса, муддат мазкур ойнинг охирги кунида тугайди.

Кунлар билан ҳисобланадиган муддат, агар бу муддат календарь кунлар билан белгиланмаган бўлса, иш кунлари билан ҳисобланади. Бунда Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ дам олиш ва (ёки) ишланмайдиган байрам куни деб эътироф этилмайдиган кун иш куни деб ҳисобланади.

Агар муддатнинг охирги куни Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ дам олиш ва (ёки) ишланмайдиган кун деб эътироф этиладиган кунга тўғри келса, дам олиш кунидан ва (ёки) ишланмайдиган кундан кейинги иш куни муддатнинг тугаш куни деб ҳисобланади.

Амалга оширилиши учун муддат белгиланган ҳаракат муддатнинг охирги куни соат 24 га қадар бажарилиши мумкин.

Агар ҳужжатлар ёхуд пул маблағлари алоқа ташкилотига муддатнинг охирги куни соат 24 га қадар топширилган бўлса, муддат ўтказиб юборилмаган деб ҳисобланади.

Солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари мажбурийлик, адолатлилик, аниқлик, солиқ тизимининг ягоналиги, ошкоралик ва солиқ органларининг солиқ тўловчилар билан ҳамкорлиги принципларига асосланади.