Ўзбекистон Республикаси Президенти «Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида»ги қонунни имзолади.

Ҳужжат Қонунчилик палатаси томонидан 2019 йил 17 августда қабул қилинган, Сенат томонидан 2019 йил 23 августда маъқулланган.

Қонунга кўра, хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатларини таъминлашнинг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:

қонунийлик;

демократизм;

хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилиги; 

жинс бўйича камситишга йўл қўйилмаслиги; 

очиқлик ва шаффофлик.

Хотин-қизлар ва эркаклар давлат томонидан кафолатланган тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларга эга бўлади.

Қуйидагилар жинс бўйича камситиш ҳисобланмайди:

бола туғиш ва она сути билан озиқлантириш вазифалари билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишда фарқларни белгилаш;

қонунда белгиланган тартибда муддатли ҳарбий хизматга чақириш;

ушбу Қонун асосида гендер сиёсати амалга оширилишини таъминлашга доир вақтинчалик махсус чоралар кўриш;

хотин-қизлар ва эркаклар меҳнатини муҳофаза қилишда уларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш хусусиятлари;

мажбуриятлар фақат муайян жинсдаги шахслар томонидан бажарилиши мумкинлигига асосланган ҳолда касбий малакага доир тавсиялар бериш;

қамоқда сақлаш, жазони ижро этиш жойларида сақлаш тартиби ва шартларини ҳамда ҳуқуқий жиҳатдан таъсир кўрсатишнинг бошқа чораларини тартибга солишда фарқларни белгилаш;

хотин-қизларнинг жамиятдаги ижтимоий мавқеини мустаҳкамлашга, хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлашга қаратилган ижобий чоралар.

Давлат хотин-қизлар ва эркакларга шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларни амалга ошириш чоғида тенг ҳуқуқлиликни кафолатлайди.

Давлат хотин-қизлар ва эркакларга жамият ҳамда давлат ишларини бошқаришда, сайлов жараёнида тенг иштирок этишни, соғлиқни сақлаш, таълим, фан, маданият, меҳнат ва ижтимоий ҳимоя соҳаларида, шунингдек давлат ва жамият ҳаётининг бошқа соҳаларида тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар таъминланишини кафолатлайди.