Ўзбекистон | 16:55 / 04.09.2019
53330
3 дақиқада ўқилади

Қурилиш вазирининг янги биринчи ўринбосари тайинланди. У бунгача «Tashkent city» қурилишига масъул эди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 31 августдаги ПҚ-4434-сонли Қарорига мувофиқ, Шерзод Саиджанович Хидоятов Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланди.

Шерзод Хидоятов 2018 йил майидан буён Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Tashkent city» халқаро ишбилармонлик маркази ҳудудида объектларни қуриш ва улардан фойдаланиш дирекцияси давлат унитар корхонаси директори вазифасида иш юритаётган эди.

Шерзод Хидоятов 1980 йилнинг 20 августида Тошкент шаҳрида туғилган. 2006 йилда Тошкент давлат техника университетини тугатган.

Меҳнат фаолиятини 1998 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судининг Ташкилий-назорат бошқармаси умумий бўлимида нусха кўчириш бўйича нозирликдан бошлаган. Турли йилларда бир қатор корхона ва ташкилотларда меҳнат қилган. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судининг Ташкилий-назорат бошқармасида турли вазифаларда, «NORDLINK ALIMINIUM BUILDING MATERIALS» масъулияти чекланган жамияти хориж корхонаси директорининг ўринбосари, «DREAM PRODUCTION» масъулияти чекланган жамият шаклидаги қўшма корхонаси директори, «Toshkent transformator zavodi» акциядорлик жамияти бош директори, «DURABEL BETON» масъулияти чекланган жамияти директори лавозимларида фаолият юритган.

2018 йил майида Тошкент шаҳри ҳокимига айланган Жаҳонгир Ортиқхўжаев ўрнига «Tashkent city» халқаро ишбилармонлик маркази ҳудудида объектларни қуриш ва улардан фойдаланиш дирекцияси директори этиб тайинланган.

Бироз аввалроқ, 2018 йил апрелидан буён Қурилиш вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келган Ботир Зокиров президент фармони билан Қурилиш вазири лавозимига тайинлангани хабар қилинганди.

Қурилиш вазирлиги 2018 йилнинг 2 апрель куни  президентнинг «Қурилиш соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони билан ташкил этилганди. Ўшанда вазирликка Олмазор тумани ҳокими бўлиб турган Абдуқаҳҳор Тўхтаев (2005-2011 йилларда Тошкент шаҳри ҳокими бўлган) янги раҳбар этиб тайинланганди. У 2019 йилнинг майида лавозимдан озод этилиб, Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур тумани ҳокими лавозимига ўтказилди.

Маълумот учун, айни вақтда Қурилиш вазирининг биринчи ўринбосаридан ташқари яна тўрт нафар ўринбосари бор: Козим Носирович Тўлаганов, Шуҳратхўжа Раҳматжонович Ҳошимов, Эркин Бўриевич Искандаров ва Баҳодир Абдуқаюм ўғли Ўрақов.

Мавзуга оид