Жорий йилнинг 4 сентябрь куни мамлакатда фаолият юритаётган 9904 та давлат умумтаълим муассасаларида 2019-2020 ўқув йили бошланади. Таъкидлаш жоизки, мазкур ўқув йилида мактаблар ўтган ўқув йилига нисбатан 213 тага кўпайди, деб хабар бермоқда Халқ таълими вазирлиги.

4 сентябрь куни республиканинг барча умумтаълим мактабларида янги ўқув йили бошланиши муносабати билан “Билимлар куни” тадбирлари бўлиб ўтади. Барча умумтаълим мактабларида “Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!” шиори остида мустақиллик дарслари ташкил этилади.

Мазкур дарсларни таълим муассасаларида юқори савияда ташкил этиш бўйича мутахассислар томонидан услубий тавсия, дарс ишланмаси ва слайд-тақдимоти тайёрланиб, юртимиздаги барча таълим муассасаларига етказилди.

Жорий йилда 937 та мактабда инвестиция ва бошқа давлат дастури доирасида қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, бунинг учун 2,86 трлн сўм маблағ сарфланди. Бу кўрсаткич ўтган йилга (1,47 трлн сўм) нисбатан қарийб икки бараварга кўп демакдир. Шунинг ўзи мактабларга қанчалик юксак эътибор берилаётганлигидан далолатдир.

Таълим сифати нисбатан юқори бўлган таълим муассасалари тажрибасини бошқа умумтаълим мактабларида жорий этиш мақсадида намунали мактаблар негизида 71 та тармоқ мактаблари ташкил этилди.

Фаолиятини тугатаётган 383 та касб-ҳунар коллежларининг биноси (шундан 154 таси янги мактаб, 229 таси қўшимча бино) мактабларга берилиши натижасида қўшимча 224 мингдан ортиқ ўқувчи ўринлари яратилди.

Инвестиция дастури доирасида 53 та умумий ўрта таълим мактаблари янги қурилиш ва 210 тасини реконструкция қилиш ҳисобига жами 646 та мактабларда белгиланган меъёрларга нисбатан сиғими 1,5 коэффициентгача тушишига эришилди. Бу эса ўз навбатида ўқувчилар учун шароитларни янада яхшилаб, таълим сифатини оширишга хизмат қилади.

Умумтаълим мактабларини жиҳозлаш бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 10 августдаги 671-ф-сон фармойиши қабул қилинган бўлиб, ушбу ҳужжатга асосан, 2019 йилда 533 та умумтаълим таълим мактаблари 68 292 тўплам парта (1 дона парта, 2 дона стул), 6 614 та ўқитувчи столи, 7 995 ўқитувчилар стули, 4 838 та синф доскаси, 115 тўплам физика лабораторияси, 117 тўплам кимё лабораторияси, 118 тўплам биология лабораторияси, 80 та фаоллар зали, 72 та ўқув устахона, 340 та маъмурий-методик хона (шундан 90 таси кутубхона), 27 та спорт зал, 86 та ошхона жиҳозлари билан таъминланиши режалаштирилган. Ҳозирги кунда жиҳозлар босқичма-босқич мактабларга етказилмоқда.