Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 6 сентябрь куни қишлоқ хўжалигини 2020-2030 йилларда ривожлантиришнинг устувор йўналишларига бағишланган йиғилиш ўтказди.
«Мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги бўйича улкан салоҳиятга эга. Бозорларимиз тўкин, халқимиз ризқи мўл-кўл бўлишидан тортиб экспортдан қўшимча даромад топишгача бўлган жуда кўп масалалар шу соҳа билан боғлиқ. Кейинги йилларда қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш ва бозор механизмларини жорий этиш бўйича қатор ишлар амалга оширилди. Давлат харид нархлари қарийб 3 баробарга кўпайтирилгани натижасида манфаатдорлик ошди. Пахтачилик ва ғаллачилик ҳашар эмас, чинакам даромад манбаига айланди. Янги технология ва инновацияларни жорий қилиш, меҳнат унумдорлиги ва иш ҳақини ошириш мақсадида 76та пахта-тўқимачилик кластерлари ташкил этилди. Жорий йилнинг ўзида 25 минг гектар пахта майдонларида сув тежовчи янги суғориш тизими жорий қилинди. Фойдаланишдан чиққан 1 миллион 100 минг гектар ерни қайта ишга киритиш бўйича саъй-ҳаракатлар бошланди.
Булар, албатта, яхши натижалар, лекин мазкур ишлар – ислоҳотларнинг биринчи босқичи.
Президентимиз фақат бугунни эмас, балки эртанги кунни ҳам ўйлаб, узоқни кўзлаб ислоҳотларни янги босқичга кўтариш вазифасини қўймоқда. Шу мақсадда қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегияси ишлаб чиқилмоқда. Бу иқтисодиётимизнинг асосий ўсиш нуқтаси, «драйвери» бўлади. Минг-минглаб иш жойлари яратилади, одамларнинг даромади ошади.
Йиғилишда мазкур стратегияни амалга ошириш учун зарур бўлган муҳим вазифалар белгилаб берилди», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.
Бунда, аввало, қишлоқ хўжалиги ерларининг аниқ ҳисобини юритиш, улардан фойдаланишни такомиллаштириш лозимлиги қайд этилди. Шундан келиб чиқиб, «Ергеодезкадастр» қўмитасига 2021 йил охиригача республиканинг барча ҳудудларида ерни ҳисобга олиш ишларини якунлаш, ер ҳисобини юритиш бўйича ягона электрон базани яратиш топширилди.
Қайд этилганидек, унумдорликни оширишга, кўп йиллик мевалар етиштиришга интилиши учун ер эгаларининг эртанги кунга тўла ишончи бўлиши керак. Шу боис президент қонунчиликни қайта кўриб чиқиб, ер ажратишнинг шаффоф тизими ва ерга бўлган ҳуқуқнинг кафолатланишини таъминлаш зарурлигини таъкидлади.
Қишлоқ хўжалигида сувдан тўғри фойдаланиш ҳам жуда муҳим масала. Таҳлилларга кўра, Ўзбекистонда экин майдонларига миллиардлаб куб метр сув йўналтирилса-да, унинг фақат 60 фоизи экинларга етиб боради, 40 фоизи суғориш тизимларида ва суғориш жараёнида йўқотилади.















