Бир неча кун аввал «Бундай она тили таълими ўзимизни алдашдан бошқа нарса эмас!» – Тилшунос олим билан суҳбат» сарлавҳали мақола эълон қилинган эди. Мазкур суҳбатда она тили (ўзбек тили) ва адабиёти таълимидаги муаммо ва камчиликлар таҳлил қилиниб, таклифлар билдирилган эди. Қуйида юқоридаги суҳбатнинг мантиқий давоми сифатида филологик илмдаги ҳолат баҳоланади.

Янги асрда фақат амалий татбиққа эга, натижаларини истеъмолчилар сўрайдиган ва уларга аниқ самарани таклиф этадиган, жамият ривожига ҳисса қўшадиган фанларгина яшаб қолишга, ривожланишга ҳақлими? Ёки илм илм учунми? Филология фанлари доктори, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети профессори Бахтиёр Менглиев билан шу ва бошқа муаммолар хусусида соҳа доирасида суҳбат ташкил қилинди. Унда филология, хусусан, тилшунослик илмининг бугунги ҳолати, қилинаётган тадқиқотлар моҳияти хусусида сўз боради.

— Президентимиз яқинда бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида таълим ва тил ўқитиш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Танқидий гаплар айтилди. Шу маънода айтишимиз мумкинки, тил ва адабиёт илми (филология) ва таълими соҳалар орасида жамиятимизда муҳимлик даражаси бўйича сўнгги ўринларга тушиб кетгани сир эмас. Ҳатто яқин тарихда филология керакми деган иддаолар бўлган ва ҳозир ҳам йўқ деб бўлмайди. Бу масалага мутахассис сифатида фикрингиз қандай?

— Чорак асрлар муқаддам (қайта қуриш йиллари арафасида) физиклар томонидан тил ва адабиёт илми фойдасиз соҳа, филологлар моддий неъмат яратмайди, улар жамият учун керак эмас, нафақат керак эмас, ҳатто текинхўр, боқиманда, тирик товон деган иддаолар бўлган ва бу собиқ шўро филологиясига нисбатан айтилган эди. Лекин кейинчалик собиқ иттифоқнинг аксар республикаларида ҳолат ўзгариб кетди. Филология ҳам янги ўзанларга тушиб олди. Буни соҳада эълон қилинаётган ишларнинг аксарияти давлат гранти асосида молиялаштирилаётгани, филология бўйича турли-туман илмий тадқиқот институтлари фаолият кўрсатиб, янги-янгилари очилаётганида ҳам кўришимиз мумкин. Шунингдек, замонавий филологик касблар пайдо бўлди: тармоқ коммуникациялари етакчиси, авлодлараро таржимон, комьюнити-менежер, маркетинг котиби, қидирув синчиси, медиашунос, креатив коммуникатор, жамоатчилик билан алоқа мутахассиси, референт, имижмейкер, копирайтер, спичрайтер, тил модератори ва ҳоказо. Уларни тайёрлайдиган таълим йўналишлари ҳам вужудга келди.