Ўзбекистон | 09:07 / 06.09.2019
5438
3 дақиқада ўқилади

Таълим муассасаси раҳбариятининг таълим сифатига шахсий жавобгарлиги кучайтирилади

Фото: Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси матбуот хизмати

5 сентябрь куни пойтахтда Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси хамда БМТ Болалар жамғармаси - ЮНИСEФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда «Таълим сифатини таъминлаш ва баҳолаш: Халқаро ёндашувлар ва Ўзбекистон тажрибаси» мавзусида семинар ўтказилди.

Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси матбуот хизмати хабарига кўра, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 7 июндаги 470-сонли «Давлат таълим муассасалари хамда нодавлат таълим ташкилотларини аттестациядан ва давлат аккредитациясидан ўтказиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори қабул қилинган. Мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида юртимиздаги таълим муассасаларини аттестациядан ўтказиш ва баҳолаш мезонлари ишлаб чиқилди.

Семинарда сўзга чиққан Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бош бошқарма бошлиғи Аслиддин Одилов янги мезонлар илғор хорижий тажрибалардан фойдаланган ҳолда халқаро ва маҳаллий экспертлар хулосаларига асосан ишлаб чиқилганини таъкидлар экан, бундан буён ҳар бир таълим муассасасида ўзини-ўзи баҳолаш орқали ички таълим сифати аудити шакллантирилиши айтиб ўтди. Бунда таълим олувчиларнинг мактаб ҳаёти ва бошқарувига оид фикрлари даврий равишда ўрганилиши ва улар мактаб бошқарувида фаол иштирок этишлари, таълим сифатини баҳолашда мактабнинг ота-оналар, кузатув кенгаши, маҳалла, боғча ва олий таълим муассасалари билан мактабни ривожлантириш бўйича ҳамкорлик ишларига асосий урғу берилиши маълум қилинди.

Тадбирда таълим сифатини баҳолаш бўйича илғор хорижий тажрибалар ҳақида маъруза қилган халқаро консультант Мажена Рафалска янги баҳолаш мезонлари аҳамияти ҳақида гапирар экан, уларнинг таълим муассасалари раҳбарлари ва педагоглар учун қўлланма бўлиб хизмат қилиши ҳар бир муассасага ўзи ортда қолаётган аниқ кўрсаткичлар билан ишлаш имкониятни яратилаётганлиги айтиб ўтди.

Семинар давомида Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси тегишли мутахассислари томонидан таълим сифатини баҳолашга янгича ёндашув, МТМларда таълим сифатини таъминлаш ва уни баҳолаш механизмлари ҳамда умумий ўрта таълим муассасаларини аккредитациядан ўтказиш тизими ҳақида маълумот берилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид