Ўзбекистон | 11:25 / 07.09.2019
10129
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда шу кунга қадар таълим сифатини баҳолаш бўйича аниқ мезонлар бўлмагани тан олинди

Пойтахтда «Таълим сифатини таъминлаш ва баҳолаш: Халқаро ёндашувлар ва Ўзбекистон тажрибаси» мавзусида семинар ўтказилгани ҳақида хабар берилганди.

Тадбирда таълим муассасаларини баҳолаш бўйича янгидан ишлаб чиқилган мезонлар ҳақида маъруза қилган Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бош бошқарма бошлиғи Аслиддин Одилов шундай деди:

Фото: Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси матбуот хизмати

«Бугунги кунга қадар юртимизда таълим сифатини баҳолаш бўйича ягона тизим бўлмагани сабабли ҳар ким ўз мезонлари бўйича муассасалар фаолиятини баҳолаб келаверган. Бу эса, ўз навбатида, таълим муассасалари раҳбарлари ва педагогларининг ҳақли эътирозига сабаб бўлаётган эди. Эндиликда илғор хорижий ва маҳаллий мутахассислар билан ҳамкорликда мактаб ва мактабгача таълим муассасалари фаолиятини баҳолаш бўйича янги мезонлар ишлаб чиқилди. Янги мезонлар педагоглар ишини енгиллаштириш, уларнинг фаолиятида қоғозбозлик ва буйруқбозликни камайтириш, таълим сифатини оширишда уларга кўмаклашиш ва қолаверса муассаса фаолиятини холис баҳо бериш мақсадида ишлаб чиқилди».

Фото: Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси матбуот хизмати

Янгича тизимга кўра бундан буён ҳар бир таълим муассасасида ўзини-ўзи баҳолаш орқали ички таълим сифати аудити шакллантирилади. Бунда таълим олувчиларнинг мактаб ҳаёти ва бошқарувига оид фикрлари даврий равишда ўрганилади ва улар мактаб бошқарувида фаол иштирок этадилар. Таълим сифатини баҳолашда мактабнинг ота-оналар, кузатув кенгаши, маҳалла, боғча ва олий таълим муассасалари билан мактабни ривожлантириш бўйича ҳамкорлик ишларига асосий урғу берилади. Ички баҳолаш натижаларига шубҳа бўлган тақдирдагина ташқи орган томонидан ташқи баҳолаш ўтказилиши айтиб ўтилди.

Семинарда шунингдек, янги баҳолаш тизимида таълим муассасаларида текширишлар сонини камайтиришга хизмат қилиши айтилиб, сифатни аввало таълим муассасасининг ўзи баҳолаб туриши ва камчиликларни бартараф этиб бориши кутилаётганлиги маълум қилинди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид