Ўзбекистон | 10:46 / 07.09.2019
42560
2 дақиқада ўқилади

Президент топшириғи: иккита ОТМда ўқитишнинг мутлақо янги методикаси татбиқ этилади 

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистондаги иккита олий таълим муассасасида ўқитишнинг янги методикаси татбиқ этилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 6 сентябрь куни қишлоқ хўжалигини 2020-2030 йилларда ривожлантиришнинг устувор йўналишларига бағишланган йиғилишда айтиб ўтилди.

Қайд этилишича, қишлоқ хўжалиги соҳасида илм-фанни ривожлантиришга бюджетнинг 0,1 фоизигина йўналтирилади. Ривожланган мамлакатларда бу кўрсаткич 2-3 фоиз атрофида эканлиги айтилмоқда.

Академикларнинг илмий мактаблари сони 50 тадан 17 тага камайган, сабзавотчилик, ғаллачилик, ўсимликшунослик соҳаларида эса бундай мактаблар мавжуд эмас. Ўсимликшунослик, сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик институтларининг лаборатория жиҳозлари охирги 70 йилда таъмирланмаган. Илмий ишланмаларни тижоратлаштириш чоралари самарасизлигича қолмоқда.

Йиғилишда таъкидланишича, қишлоқ хўжалиги илмий-тадқиқот институтлари эртапишар маҳсулот турларини яратишга асосий эътибор қаратиши лозим. Чорвачилик тармоғида ҳам илм-фан ютуқларини кенг татбиқ этиш, ҳудудлар иқлим шароитларига мос чорва зотларини яратиш бўйича кўрсатмалар берилди. 

Халқаро тажриба асосида Тошкент давлат аграр университети ҳамда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида ўқитишнинг мутлақо янги методикасини татбиқ этиш, профессор-ўқитувчилар иштирокида сайёр ўқув дарслари ҳамда семинарлар ташкил этиш зарурлиги қайд этилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид