Ўзбекистон Республикаси президенти “Савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги ҳисоб-китоблар тизимига замонавий ахборот технологияларини жорий қилиш ҳамда ушбу соҳада жамоатчилик назоратини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолагани хабар берилганди.

Ҳужжат билан савдо (хизмат кўрсатиш) шохобчаларида аҳоли билан нақд пулда ва (ёки) банк пластик карталари орқали амалга оширилган ҳисоб-китоблар тўғрисидаги маълумотларни давлат солиқ хизмати органларига онлайн режимида узатиб бориш функциясига эга бўлган маълумотлар алмашинуви платформаси – виртуал кассаларни онлайн назорат касса машиналари қаторида жорий этиш тўғрисидаги таклиф маъқулланди.

Нақд пул тушумига эга бўлган тадбиркорлик субъектларининг онлайн назорат касса машиналари ёки виртуал кассадан фойдаланишга босқичма-босқич ўтказиш графиги тасдиқланди.

Белгиланишича, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Давлат солиқ қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда 2020 йил 1 январдан бошлаб ҳар йили олис, етиб бориш қийин бўлган аҳоли пунктлари рўйхатини тасдиқлайди ва ушбу ҳудудларда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларига мазкур Фармон билан тасдиқланган график татбиқ этилмайди.