«Қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилишда Хитой Халқ Республикаси тажрибаси ва уни Ўзбекистон Республикасида қўллаш имконияти» мавзусида халқаро анжуман ўтказилди.

Анжуманда Қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Ходжаев аграр соҳада Хитой билан ҳамкорликнинг асосий йўналишларига тўхталиб ўтиб, аграр соҳани инновацион технологиялар билан таъминлаш борасида ушбу давлат тажрибаси муҳимлигини ва айни пайтда қишлоқ хўжалиги соҳасида кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш масалалари билан шуғулланувчи ўзбек-хитой илмий маркази ташкил қилиниши бўйича келишувга эришилганини ҳам таъкидлаб ўтди.

Олий Мажлиснинг аграр сув хўжалиги масалалари экологик қўмитаси раиси Баҳодир Тожиевнинг айтишича, 80 фоиз сув қўшни давлатлардан келиши ва сув ресурсларининг бутун дунёда камайиб бораётганини ҳисобга олсак, Хитойнинг томчилаб суғориш технологияларини ўрганиш Ўзбекистон учун яхши самара беради.  

«Бундан ташқари, чорвачилик, шоличилик каби йўналишларда кластерларни ташкиллаштириш бўйича ҳам Хитой амалиётини ўрганиш мақсадга мувофиқ», дейди Баҳодир Тожиев.

Халқаро анжуманда Хитой Халқ Ресубликаси вакилларининг алоҳида таъкидлашича, мамлакат фақат қишлоқ хўжалиги соҳасини эмас, балки қишлоқ одамлари ҳаётини ҳам яхшилашга эътибор қаратади.

Бутунхитой Халқ вакиллари йиғини қишлоқ хўжалиги бўйича қўмитаси аъзоси Ли Чуншэннинг маълумотига кўра, Хитойда 40 миллион одам аграр соҳада фаолият юритмоқда.

«Фуқароларга пенсия тайинланиши (аёллар учун 55 ёш, эркаклар учун 65 ёш) тизими ҳам Хитойнинг аҳоли ижтимоий ҳимоясига эътиборини кўрсатади», дейди Ли Чунъшен.

Шунингдек, хитойлик вакил шаҳар-қишлоқ ривожланиш механизмига тўхталиб ўтиб, улар тараққиётда бир-бирига ёрдам бериши механизми яхши самара беришини таъкидлади.

Бутунхитой Халқ вакиллари йиғини молиявий-иқтисодий қўмитаси аъзоси Цай Лин мамлакатдаги эркин иқтисодий зоналар ҳақида маълумот бериб, уларнинг ишлаш механизмини тушунтирди.

«Эркин иқтисодий зона – бу маълум ҳудудда махсус иқтисодий ва сиёсий тизимнинг жорий этилишини англатиб, халқаро айирбошлаш, солиқ сиёсати ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича алоҳида механизмнинг яратилишини англатади», дейди Цай Лин.