Ўзбекистон Республикаси президенти “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий ва институционал тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади. Ҳужжат матни ЎзА томонидан эълон қилинди.

Фармон билан Вазирлар Маҳкамасининг истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама бозорини тартибга солиш соҳасида ягона давлат сиёсатини ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштиришни амалга оширувчи ваколатли давлат органи ҳисобланувчи Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Агентлигини ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилди, қуйидагилар Агентликнинг асосий вазифалари этиб белгиланди:

истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама бозорини тартибга солиш соҳасида ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалий ижросини таъминлаш;

истеъмолчиларнинг товарлар (ишлар, хизматлар), уларнинг ишлаб чиқарувчиси, ижрочиси ва сотувчиси тўғрисидаги ҳаққоний ва тўлиқ маълумотларни, шу жумладан, ахборот-коммуникация технологияларини қўллаган ҳолда олиш имкониятларини таъминлаш;

аҳолининг истеъмолчилик билими ва саводхонлигини оширишга қаратилган дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

истеъмолчиларга уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда ёрдам кўрсатиш;

истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга ошириш, шунингдек, товарлар (ишлар, хизматлар) хавфсизлиги ва уларнинг сифатини назорат қилиш соҳасида ҳамкорлик қилиш;

истеъмолчилар ҳуқуқи бузилиши сабабларини таҳлил қилиш, уларни бартараф этиш юзасидан таклифлар тайёрлаш ҳамда истеъмолчилар ҳуқуқи бузилиши ҳолатларининг олдини олиш;

тадбиркорлик ва истеъмолчилик маданиятини такомиллаштириш, реклама соҳасида ноҳалол рақобатга ва нотўғри рекламанинг юзага келишига йўл қўймаслик мақсадида реклама бозорини тартибга солиш;

истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама бозорини тартибга солиш соҳасида фуқаролик жамияти институтлари ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш;

истеъмол бозорини, давлат томонидан нарх-навоси тартибга солинадиган товарларга (ишларга, хизматларга) нархларнинг динамикаси ва нарх шаклланиши механизмларини ўрганиш;