Ўзбекистон | 11:11 / 13.09.2019
137751
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Қирғизистон чегараолди ҳудудларини алмашди — Каркидон сув омбори тўлиғича Ўзбекистонга ўтди

Қирғизистон ҳукуматининг Ўш вилояти маъмуриятидаги ваколатхонаси Ўзбекистон билан ер майдонлари алмашилганини маълум қилди.

Ўзбекистонга Ўш вилояти Аравон туманининг Тўямўйин округидаги, Каркидон сув омбори ёнидаги ер майдони берилган.

Ўзбекистон эса Қирғизистонга Гулбаҳор қишлоғи ёнидаги ерни берган. Чегаралар демаркацияси жорий ҳафтада ўтказилади.  

Ҳудудлар алмашинуви чегарани суришга имкон беради.

Иккала ҳудуд ҳам бир хил майдонга эга – 407 гектардан. Ўш вилояти маъмуриятида маълум қилинишича, ҳудудлар алмашилиши Қирғизистон ташаббуси билан амалга оширилган. 

«Бу алмашинувга Қирғизистон томонидан анчадан бери ташаббус билдириб келинганди. Сўнгги музокаралар вақтида чегаранинг демилитацияси бўйича келишувга эришилганди», деб айтган Ўш вилояти маъмурияти матбуот котиби Нурқиз Қодирбек қизи. 

Гулбаҳор қишлоғи Аравон вилоятига кираверишда, Ўш шаҳрига олиб борувчи йўл бўйида жойлашган. Аввал ушбу йўлнинг бир қисми Ўзбекистонга тегишли бўлган, энди эса у тўлиқ Қирғизистон ҳудудидан ўтади. Аввал қирғизистонликлар қўшни қишлоққа Ўзбекистон ҳудуди орқали ўтишларига тўғри келган.

Сув омборининг бутун ҳудуди ва соҳилбўйи Ўзбекистонга тегишли бўлади. Қирғизистоннинг Каркидон қишлоғи аҳолиси сув омборидан чиқувчи дарёдан фойдалана олади.

Аввалроқ, 10 сентябрь куни Қирғизистоннинг Аравон туманидаги Каркидон сув омбори атрофида ўзбек ҳарбийлари томонидан тўсиқлар ўрнатилиши маҳаллий аҳоли норозилигига сабаб бўлгани ҳақида хабарлар тарқалганди.

Маҳаллий ҳокимият Ўзбекистон билан ерлар алмашилгани, делимитация якунлангани, бироқ демаркация ҳали ўтказилмаганини маълум қилган. Барча жараёнлар якунланмагунча тўсиқларни ўрнатиш мумкинмаслиги ва ҳукумат ишлар тўхтатилишига ваъда бериши айтилган.

Мавзуга оид