Ўзбекистон Республикаси Президенти «Психиатрия ёрдами кўрсатиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунни имзолади.

Ўзбекистон Республикасининг 1994 йил 22 сентябрда қабул қилинган Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига қуйидаги ўзгартишлар ва қўшимча киритилди:

93-модданинг (Тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларининг турлари) матни қуйидаги таҳрирда баён этилди:

«Тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари жумласига қуйидагилар киради:

а) яшаш жойи бўйича руҳий-асаб касалликлари диспансерида (туман (шаҳар) психиатрининг хонасида) мажбурий амбулатория кузатувида бўлиш ва даволаниш;

б) яшаш жойи бўйича умумий тартибли психиатрия муассасасининг умумий кузатиладиган бўлимида мажбурий даволаниш;

в) умумий тартибли психиатрия муассасасининг махсус реабилитация бўлимида мажбурий даволаниш;

г) кузатув кучайтирилган руҳий касалликлар шифохонасида мажбурий даволаниш;

д) жазони ижро этиш муассасаларининг даволаш-профилактика ёрдами кўрсатиш бўлимларида ҳамда маҳкумларга мўлжалланган ихтисослашган шифохонада мажбурий амбулатория кузатувида бўлиш ва даволаниш»;

94-модданинг (Тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини тайинлаш) матни қуйидаги таҳрирда баён этилди:

«Руҳий ҳолати бузилган, касаллигининг зўрайиши аломатлари бўлмаган шахсларга, шунингдек руҳий ҳолати вақтинча бузилган шахсларга нисбатан касаллик қайтарилишининг ва улар томонидан янги ижтимоий хавфли қилмишлар содир этилишининг олдини олиш учун яшаш жойи бўйича руҳий-асаб касалликлари диспансерида (туман (шаҳар) психиатрининг хонасида) мажбурий амбулатория кузатувида бўлиш ва даволаниш тайинланиши мумкин.

Яшаш жойи бўйича умумий тартибли психиатрия муассасасининг умумий кузатиладиган бўлимида мажбурий даволаниш ижтимоий хавфлилиги умумий асосларда амалга оширилиши мумкин бўлган даволашни талаб этадиган ҳолат билан боғлиқ бўлган, руҳий ҳолати бузилган шахсларга нисбатан тайинланиши мумкин.

Умумий тартибли психиатрия муассасасининг махсус реабилитация бўлимида мажбурий даволаниш ижтимоий хавфлилиги кўпроқ ихтиёрий тартибда амалга оширилиши мумкин бўлмаган реабилитация чоралари кўрилишини талаб этадиган ҳолат билан боғлиқ бўлган, руҳий ҳолати бузилган шахсларга нисбатан тайинланиши мумкин.