Европа футболида янги юлдуз порлай бошлади.

Чемпионлар лигасида ҳет-трик қилган «Зальцбург» клуби ҳужумчиси Эрлинг Ҳоланд ҳали шу йилнинг 21 июлида 19 ёшга тўлганди. Ўзбекистон чемпионатида бундан каттароқ ёшдаги футболчиларга «умидли ёш» деб қаралса, у дунёни забт этмоқда.

У аллақачон ўзини кўрсатишни бошлаганди. 15 ёшида Норвегиянинг иккинчи лигасида иштирок этувчи «Брюне» сафида дебют қилиб, мамлакатга донғи кетганди. 16 ёшида эса у Оле Гуннар Сульшер бошқарувидаги «Мольде»да пайдо бўлди. 17 ёшга тўлар-тўлмас юқори дивизиондаги илк голини нишонлади. Ўша мавсумда турнирнинг етакчи жамоаларидан бири бўлган «Бранн» клуби дарвозасига покер йўллади. Ўтган мавсумда чемпионатнинг 25 ўйинида майдонга тушиб, 12 гол муаллифи бўлди, Европа Лигаси саралаш ўйинларида 4та гол урди. «Мольде» саралашда икки учрашув натижасига кўра «Зенит»га ютқазиб (2:1, 1:3) турнирни тарк этганди, аммо ўша ўйинларда норвегларнинг голларидан айнан ушбу вундеркинд урганди. Қишда у «Зальцбург»га 5 миллион евро эвазига трансфер қилинди.

Австрияликлар клуби арзон нарх эвазига «олтин балиқча»ни қўлга киритишди, дейиш мумкин. Май ойига келиб Ҳоланд ҳақида барча спорт сайтлари ёза бошлашди. У ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида бир ўйинда 9та (!) гол урди. Ҳа, бу голлар Ҳондурасга урилди, аммо бу натижа ҳам қойилмақом эди. Австрия лигасида янги мавсум бошланди - ушбу форвард 7та ўйинда 11та гол уриб, 4 голга узатма берди. Турли турнирлар доирасида у бир ярим ой ичида рақиб жамоалар дарвозабонларини 17 марта ранжитишга улгурди. Энди у «Олтин бутса»га даъвогарлар қаторида.

3 сентябрь куни transfermarkt портали Ҳоланднинг нархини 5 миллион евродан 12 миллион еврога ошириб қўйди. Аммо бу нарх ҳам узоқ турмаса керак, балки бир неча марта ўсишини кутиш мумкин. Бу орада бўйи 190 см, вазни 90 кг бўлган бу скандинав паҳлавони Норвегия терма жамоасида дебют қилишга улгурди, Чемпионлар лигасидаги дебютида эса «Генк» дарвозасини уч бор ишғол қилди. У йиртқич каби тўпга ташланиб, уни куч билан дарвоза томон йўлламоқда. Ўнг оёқда ҳам, чап оёқда ҳам.

Норвегиялик бу иқтидорнинг боши айланиб қолмаса керак. Унинг ишларини отаси юритади ва у ўғли бўшашишига йўл қўймаслиги аниқ. Вундеркинднинг отаси Альф-Инге Ҳоланд 1994 йилги жаҳон чемпионатида Норвегия терма жамоаси сафида ўйнаган, турли йилларда «Ноттингем Форрест», «Лидс» ва «Манчестер Сити» каби клублар сафида тўп сурган. Унинг фаолияти янада муваффақиятли кечиши мумкин эди, аммо 28 ёшида оғир жароҳат олади ва кейин майдонга қайта олмайди.