20 сентябрь куни Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси йиғилишида аёллар саломатлигини мустаҳкамлаш ва оилаларнинг тиббий маданиятини ошириш борасида қилинаётган ишлар бўйича Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ахбороти эшитилди.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, вазирнинг биринчи ўринбосари Баҳодир Юсупалиев берган маълумотлар сенаторларни қониқтирмади. Жумладан, қўмита раиси Зайниддин Низомхўжаев вазирлик ҳисоботини уч марта қайтариб юборганини айтиб, муҳокамадаги мавзу юзасидан ўз эътирозларини санаб ўтди.

«Бизга берилган маълумотлардан қуйидаги камчиликлар аниқланганига эътиборингизни қаратмоқчиман.

Биринчидан, болалар саломатлигини сақлаш борасида олиб борилаётган комплекс тиббий чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилмаган. Масала айтилди, муаммолар кўлами тўғри баҳоланган, лекин унга эришиш йўл харитаси йўқ.

Мактабгача ва мактаб ёшидаги болаларни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш, улар орасида профилактик эмлаш тадбирларини ташкил этиш масалалари тўғрисида маълумот тақдим этилмаган. Фақат шунча фоиз болалар қамраб олинди, дейилган. Ўзи қанча, эҳтиёж қанча, қайси ҳудудда деган маълумот йўқ. Наҳотки Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан, бош мутахассисларимиз томонидан бу ҳақда ҳеч қандай маълумот тўпланмаган?

Берилган маълумотномани уч марта қайтардим. Вазирликдан бир ярим бетлик маълумотнома берилган, мана. Бир ярим бетлик. Саволлар – икки ярим бет бўлди.

Сўнгги йилларда гўдаклар ўлимини камайтириш бўйича ижобий ишлар амалга оширилаётган бўлса-да, халқаро рейтингларда мамлакатимиз қуйи поғоналарда қолмоқда. Хусусан, БМТ томонидан юритиладиган гўдаклар ўлими индексида 200та давлат орасида давлатимиз 146-ўринни эгаллаб турибди.

Иккинчидан, хотин-қизларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш, хомиладор аёлларнинг соғлом овқатланишини ташкил этиш, уларни поливитаминлар билан таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар етарли даражада таҳлил қилинмаган.

Аёлларда кузатилаётган бепуштлик ҳолатлари, уни даволаш, ёрдамчи репродуктив технологиялардан фойдаланиш тартиби, ҳомиладаги нуқсонларга эрта ташхис қўйиш мақсадида янги перинатал технологияларни жорий этиш билан боғлиқ масалалар ёритилмаган.

Бу йил 46та перинатал маркази ташкил қилишини айтилди. Олдинги маълумотларга қараганда, 200та УТТ аппарати сотиб олинганди. Улар билан ишлайдиган юқори малакали мутахассисларимиз борми?