Ўзбекистон | 12:15 / 21.09.2019
3306
2 дақиқада ўқилади

Маҳкумларнинг ҳуқуқларига риоя қилиш устидан парламент назорати бўйича миллий превентив механизм яратилади

Фото: Табылды Кадырбеков

Ўзбекистонда маҳкумларнинг ҳуқуқларига риоя қилиш устидан парламент назорати бўйича миллий превентив механизм яратилади. Бу ҳақда Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси матбуот хизмати хабарида айтилган.

Қайд этилишича, парламент қуйи палатасида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери Нурдинжон Исмоиловнинг БМТ Инсон ҳуқуқлари Кенгашининг судьялар ва адвокатлар мустақиллигига оид масалалар бўйича махсус маърузачиси Диего Гарсия-Саян билан учрашуви бўлиб ўтди.

Таъкидланишича, ҳозирги вақтда Ўзбекистон Республикаси президентининг «Ўзбекистон Республикаси ҳамда БМТ ва унинг тузилмалари, халқаро молия институтлари ва бошқа ташқи сиёсий шериклар билан ҳамкорлигини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ жазони ижро этиш муассасаларида жазони ўтаётган, қамоққа олинган ва ушлаб турилган, шунингдек, маъмурий қамоққа олинган шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига риоя қилиш устидан парламент назоратини амалга оширишга қаратилган миллий превентив механизмни яратиш масаласи кўриб чиқилмоқда.

Музокаралар чоғида Ўзбекистонда амалга оширилаётган ўзгаришлар, мамлакат томонидан олиб борилаётган ўзаро манфаатли ва амалий руҳдаги ташқи сиёсат халқаро ҳамжамият томонидан қўллаб-қувватланаётгани алоҳида таъкидлаб ўтилди. Ўзбекистоннинг БМТ ва унинг тузилмалари билан жадал тарзда ривожланиб бораётган ҳамкорлиги, шу жумладан, парламентаризм соҳасидаги ҳамкорлиги парламентлараро мулоқотни чуқурлаштиришда томонларнинг ўзаро манфаатларига, амалий ҳамкорликни ривожлантиришга ҳамда турли соҳаларда тажриба алмашишга асослангани қайд этилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид