Сўнгги вақтларда «снос» мавзуси кўплаб нашрлар томонидан кенг ёритилмоқда. Бунга, албатта, бир томондан улкан бунёдкорлик ишлари сабаб бўлаётган бўлса, иккинчи томондан бузилиш муносабати билан белгиланган товон пули ва ер майдони ажратишга доир қонун ҳужжатлари талаблари бажарилмаслиги ёхуд пайсалга солиниши фуқароларнинг бу мавзудаги мурожаатлари сони ортишига олиб келмоқда. Зангиота туманидан бўлган мурожаатлардан бири ҳам айнан шу ҳақда бўлди.

«22 июнь куни ҳокимлик вакиллари, шу жумладан Зангиота тумани ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Мавлонов Аваз ҳам келди ва шу учрашувда «Дўконинг бузилади, нархлатиб қўйгин», деб оғзаки айтишди. Ўша вақтда қўни-қўшниларнинг уйлари бузилиши бошланганди. Мен улар таклиф қилган баҳоловчига, яъни Appraisal Group фирмасига дўконим ва новвойхонамни баҳолатдим. Барча ҳужжатларимни тақдим этгач, 3 кун ичида баҳолаб беришди. 25 июнда тайёр бўлган баҳолаш хулосасини барча ҳужжатларим билан бирга ҳокимликка топширдим. Улар менга шу куни огоҳлантириш хатини беришди. Унда 7 кун ичида баҳолаш натижасини ҳокимликка топшириш сўралганди. 8 июлда эса, бўлди, бу ерлар бузилади, деб газ тармоғидан узиб кетишди», - дейди автобус бекатини харид қилган тадбиркор Дилхуш Ҳамидов.

Дилхуш Ҳамидов

Унинг сўзларига кўра, бир дўкон, новвойхона ва кичик тамаддихона, сомсахонадан иборат манзилда 10 иш ўрни яратилган эди. Газ тармоғидан узилгани боис, уларнинг фаолияти тўхтаб қолган. Шу билан бирга, ҳокимлик тадбиркорга «снос» қилингани учун бинога товон пули берилмаслиги, фақат ер майдони ижара асосида фойдаланиш учун берилишини билдирган. Уни қийнаётган масала шундаки, шу вақтгача солиқ тўлаб келган, қолаверса, 1994 йилда барпо қилинган, эгалик ҳуқуқи билан сотилган бино бузилишга келганда ноқонуний бинога айланиб қолмоқда. Бино тарихига назар ташланса, у ушбу тадбиркоргача 1 марта сотилган. 1994 йилда бу жойда дўкон қурган шахс уни 2007 йилда бошқа бир фуқарога сотган. Тадбиркорнинг айтишича, у бу мулкни 2017 йилда харид қилган, барчаси қонуний тартибда, нотариус орқали расмийлаштирилган. Бундан ташқари, ижара асосида тавсия қилинаётган ер майдони ҳам серқатнов йўл ёқасидан эмас, балки туман марказининг ичкари ҳудудидан, харидорлар кам бўлган жойдан тавсия этилмоқда.