Артериал босимни ўлчаш қийин эмас, айниқса замонавий тонометрлар билан иш янада осонлашади. Аммо нимадир хато бажарилса, натижа ҳам шунга яраша бўлади. Шу оддий жараённи пала-партиш қилмасликка оид тавсиялар билан таништирамиз.
Қандай асбоб танлаш керак?
Мустақил фойдаланиш учун автоматик тонометр (қон босимини ўлчаш асбоби) кўпроқ мос келади, чунки ёлғиз ҳолатда стетоскоп билан уринишлар ноқулай ва натижа нотўғри бўлиши мумкин.
Баъзи турдаги автоматик тонометрлар ҳам доимо аниқ натижани кўрсатмайди.
Номуносиб ростланган манжет размери ҳам ўлчов натижасига ўз таъсирини кўрсатишини инобатга олинг. Шунинг учун ҳам харид қилиш жараёнида қўлнинг тонометр қамраб олувчи айланасини ўлчаб кўринг.
Асбоб натижани кўрсатиш вақтида чалкашмаслиги учун тонометрни дорихоналар ёки махсус тиббий ускуналар учун мўлжалланган дўконлардан сотиб олинг ва маблағдан тежаб қолиш ҳақида ўйламанг. Ишлатишдан олдин йўриқнома билан танишиб чиқинг (ҳатто ушбу мақолани ўқигандан кейин ҳам) ва батареяларни вақтида алмаштириб туринг.
Босимни қандай ўлчаймиз?
Шошилманг. Тинч вазиятда 5 дақиқа ўтиринг, кучли юкламалардан сўнг дарҳол тонометрни ишлатиш ярамайди. Ўлчаб кўришдан аввалги ярим соат давомида чекманг ва кофе ичманг.
Орқангиз текис ҳолатда бўлишини таъминлаш учун стулга ўтиринг. Оёқларни чалиштирманг. Улар ер юзасига тиззалар юқорига кўтарилмайдиган ҳолатда қўйилиши керак.
Манжетни қўлга муаммосиз кийгизиш учун енгни қайириш ёки яхшиси узун енгли кийимни ечиб қўйиш керак.
Ўлчанаётган қўл шундай қўйилиши керакки, тонометр манжети тахминан юрак билан бир чизиқда бўлсин. Баъзида бу ҳолатни бажариш учун қўл остига ёстиқча қўйиш зарур бўлади.
Манжетни тўғри тақинг. Унинг қуйи қисми тирсак букиладиган жойдан 2-2,5 см юқорида бўлсин.
Манжетни унинг остида 1 ёки 2 бармоқ сиғиши мумкин бўлган даражада тортинг. Тонометрнинг сезувчи элементлари пульсни аниқлаши учун унинг найчаси тирсакнинг ички қисмидан чиқиши керак.
Барча найчалар текис, ўралмаган бўлиши ва ҳалқа ҳолатида эмаслигига ишонч ҳосил қилинг. Бу қийин эмас, шу кўринишда ўтириш кифоя:
















