Ўзбекистон | 08:21 / 23.09.2019
2139
3 дақиқада ўқилади

Ўзбек миллий мақом санъати марказининг ҳудудий бўлимлари ташкил этилади

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Ўзбек миллий мақом санъати марказининг ҳудудий бўлимларини ташкил этиш тўғрисида”ги президент қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида Ўзбек миллий мақом санъати марказининг ҳудудий бўлимлари ташкил этилади ва уларга юридик шахс мақоми берилади.

Ҳудудий бўлимларнинг асосий вазифаси этиб:

Ўзбекистонда мақом санъатини янада ривожлантириш, бу борада шаклланган ҳудудий ижрочилик мактаблари ва анъаналарини, мақом устозлари, бастакорлари, моҳир хонанда ва созандалар ижро меросларини теран ўрганиш ва қайта тиклаш;

халқимизни мақом санъатидан баҳраманд этиш, ёш авлод қалбига мақом оҳангларини сингдириш, уларда миллий ўзликни англаш туйғусини янада камол топтириш;

республикада танилган мақом санъати усталарининг маҳорат дарсларини ташкил этиш ва ўтказиш;

ҳудудий мақом ижро йўлларини пухта эгаллаш ҳамда энг мукаммал ижро намуналарини келажак авлодга қолдириш мақсадида мақомларнинг янги “Олтин фонди”ни яратилишига ҳисса қўшиш;

мақом санъатини замонавий усуллар билан бойитиб талқин этаётган ижрочиларни, мақом билимдонлари, мусиқашунос олимлар ва бастакорлар, ҳудудий мақом бўлинмалари ходимлари фаолиятини моддий ва маънавий рағбатлантириш белгиланади.

Белгилаб қўйилишича:

ҳудудий бўлимларни молиялаштириш маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан амалга оширилади;

ҳудудий бўлимлар ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича концерт ва сарой ташкилотларига тенглаштирилади;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 19 июндаги “Давлат маданият муассасалари ва  давлат архивлари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантиришнинг такомиллаштирилган тизимини тасдиқлаш тўғрисида” 458-сонли қарорининг 3 ва 4-иловаларига мувофиқ Мақом марказининг маъмурий-бошқарув, бадиий-раҳбарият ходимлари, хонандалар ва созандалар лавозим маошларини аниқлашда базавий лавозим маошлари миқдорлари 1,2 коэффициентга оширилган ҳолда қўлланилади;

Мақом маркази ва унинг ҳудудий бўлимларига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1995 йил 28 октябрдаги 415-сон қарори татбиқ этилиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1995 йил 20 октябрдаги ПФ-1280-сон Фармони татбиқ этиладиган Республика маданият муассасалари рўйхатига киритилади;

Мақом марказининг ҳудудий бўлимлари жойларда ўтказиладиган тадбирларга (Давлат тадбирлари бундан мустасно) мақом маркази билан келишган ҳолда ва унинг рухсати билан жалб этилади;

Мақом маркази томонидан ўтказиладиган концертлар ва тадбирлар бўйича тузиладиган шартномалар танловларсиз, электрон порталига жойлаштирмасдан тўғридан тўғри амалга оширилади;

юридик ва жисмоний шахслар томонидан Мақом ижрочилиги бўйича ўтказиладиган концертлар дастури ва сценарийси мақом маркази қошидаги Бадиий кенгаш томонидан кўриб чиқилади ҳамда унинг хулосаси асосида ташкил этилади;

концерт иштирокчиларининг ижрочилик маҳорати, концерт дастури ва сценарийсини кўриб чиқилганлиги ҳақидаги хулоса учун тўлов энг кам иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида белгиланади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид