Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасининг бир қанча туманлари фуқаролари «Human хусусий бандлик агентлиги» МЧЖ устидан шикоят қилиб, Kun.uz таҳририятига мурожаат қилишди.
Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманида рўйхатдан ўтган бу ташкилот 2019 йилда Хоразм вилояти маркази Урганч шаҳрида ҳам ваколатхонасини очган ва фуқароларни Европа ҳамда Осиё мамлакатларига ишга юборишга ваъда бериб, улар билан шартнома имзолаб, катта миқдордаги маблағларни олган. Айни пайтда фуқаролардан ҳеч ким ишга жўнатилмаган, уларнинг пуллари ҳам қайтариб берилмаган.
Мурожаатчилар номидан сўзлаган Алишер Джуманиязов қуйидагиларни баён қилди.

«Биз март ойида «Human хусусий бандлик агентлиги» МЧЖ билан шартнома имзоладик. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан уларга лицензия берилган экан. Биз шунга ишонгандик. Катта миқдордаги пулларни «Human хусусий бандлик агентлиги» ҳисоб рақамига ўтказиб берганмиз. Хоразм вилояти ваколатхонаси раҳбари Жасур Абдуллаев бизга 15 июнда ишчиларнинг дастлабки гуруҳи хорижга жўнатилишини ваъда қилган ва пулларни тезроқ тўлашга ундаган эди. Афсуски, июнь ойида ҳам, июль ва августда ҳам ҳеч ким ишга юборилмади. Сентябрь ойида «Human хусусий бандлик агентлиги» Ўзбекистондан ҳеч кимни ишга юбора олмагани, раҳбарият устидан эса жиноий иш очилганини билдик. Пулларимизни қайтариб беришларини сўраб ариза ёзганмиз, аммо ҳануз ололмаяпмиз», - дейди Джуманиязов.
Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасида яшовчи 50дан ортиқ фуқаро 11,5 миллион сўмдан 35 миллион сўмгача бўлган маблағни «Human хусусий бандлик агентлиги»га ўтказиб беришган. Уларга Германия, Литва, Польша, Чехия ва Япония каби мамлакатлардан иш ваъда қилинган. Аммо ҳозирги кунда иш ҳам, пул ҳам йўқ.
Мурожаатчилар йиллар давомида меҳнат қилиб, топган пулларини, таниш-билишлардан қарз сифатида олган маблағларни «Human хусусий бандлик агентлиги»га ўтказиб беришганини, шунингдек, автомашиналарини ва бошқа қимматли буюмларини сотиб, шартнома пулларини тўлаганларини айтишмоқда. Улар ҳукуматдан, ҳуқуқ-тартибот идораларидан амалий ёрдам кутишяпти.















