Баҳс 25 октябрь куни IFCB кенгаши аъзоси, ислом молияси бўйича аудитор ва маслаҳатчи Маҳмуд Усмоннинг видеомурожаатидан бошланди. У кенгаш IMAN Invest билан ҳамкорликни тўлиқ тўхтатганини ва шу кунгача компания фаолиятининг ҳалоллиги бўйича якуний хулоса бермаганини маълум қилди.

IFCB шаръий аудиторлик ташкилоти бўлиб, 2023 йил 1 майда тузилган шартнома асосида IMAN Invest’га хизмат кўрсатган.

Маҳмуд Усмоннинг айтишича, 2026 йил июлида кенгашга шубҳали транзакцияларни кўрсатувчи ҳужжатлар келиб тушган. Аммо, 2 йилдан ортиқ ҳамкорликка қарамай, бу транзакциялар кенгашга тасдиқлаш учун тақдим этилмаган. Шундан сўнг молиячилар, ҳуқуқшунос ва шаръий аудитордан иборат тафтиш комиссияси уч ярим ой текширув ўтказган.

Кенгаш хулосасига кўра, IMAN Invest раҳбарияти ишониб топширилган пулларни Ислом молияси мезонлари, ички ҳужжатлар ва қонунчиликка зид равишда тасарруф этган. Раҳбарлар эса бу ҳолатларнинг кўпини тан олиб, тушунтириш хати ёзиб берган. Маҳмуд Усмоннинг айтишича, халқаро тоифадаги молиячилар ва ҳуқуқшунослар компания «барча савдодаги қайтариш имкони бор пулларни олиб, инвесторларга қайтарса ҳам, бир неча миллион доллар пулни қайтаришга айни пайтда қодир бўлмайдиган ҳолга келиб қолгани»ни аниқлаган.

Шунингдек, баёнотда инвесторлар пулини қимматбаҳо автомобил ва хонадон сотиб олишга, бошқарувчи идора харажатлари, ойликлар, тадбир ва маркетингга сарфлаш мумкин эмаслиги келтирилган.

“IMAN Invest фаолиятини ислом молиясига мувофиқ эмас, деб ҳисоблайди. Кенгаш фикрича, қоидабузарликлар тўлиқ бартараф этилмагунча, инвесторларга етказилган зарар қопланиб, улар билан шартнома янгиланмагунча компанияга маблағ киритиш шариат нуқтаи назаридан тавсия этилмайди” деган Маҳмуд Усмон.

Маҳмуд Усмон компания фаолиятини ҳалол деб ҳисоблайдиган уламо ва мутахассисларга учта савол билан мурожаат қилган:

  1. Компаниянинг сўнгги ҳужжатларига кўра, унинг фаолиятида ғарар (ноаниқлик), рибо (судхўрлик) ва пулларни нотўғри тасарруф этиш ҳолатлари борми?

  2. Мутахассислар камомад ва унга олиб келган омилларни тўлиқ ўрганганми ва ўша қарорлар ҳалолликка тўғри келадими?