Бир фуқарога давлат томонидан ер ажратилиб, эгалик ҳуқуқи берилса-ю, кейинчалик худди шу ер бошқа фуқарога ажратилса, ернинг дастлабки эгаси эса йиллар давомида судма-суд юриб, ўз ҳуқуқини тиклаш учун беҳуда куч сарфласа, бу қонунга, қолаверса адолат мезонларига тўғри келадими? Хоразм вилояти Шовот туманида юз берган воқеаларни ўрганиш жараёнида шу саволларга жавоб излашга тўғри келди.
2015 йил 2 май куни Шовот тумани ҳокимлиги томонидан Ўткирбек Нуриддиновга «Ўзбекистон» қишлоғи ҳудудидан балиқ ҳовузи ташкил қилиш учун 500 кв.м. ички зовурдан ер ажратиш ҳақида 658/8-сонли қарор чиқарилади. Ўткирбекнинг бобоси Нуриддин ака Юсупов бу ерда балиқ етиштириб, тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида яхши ният билан иш бошлайди.

«2015 йил май ойида Шовот тумани ҳокимлиги менга эски, ташландиқ захкашни ажратиб, эгалик ҳуқуқи ҳақида қарор чиқариб берди. «Ташландиқ ҳолда ётибди, обод қиламан, балиқ етиштираман», деб ўзим таклиф берганман. Ҳокимлик бу ташаббусимга пешвоз чиққан ва таклифни қабул қилганди. Аммо кейинчалик бу ишлар билан бошимга ғавғо орттириб олишимни хаёлимга ҳам келтирмагандим», - дейди Нуриддин ака.
Нуриддин ака ёз ойларида захкашни кавлатиб, кенгайтириб, чиқиндилардан тозалатади. Балиқ чавоқларини сотиб олиб, захкашга қўйиб юборди. Албатта бу ишлар учун катта миқдорда маблағ сарфлади.
Бироқ, Шовот тумани ҳокимлиги 2015 йилнинг 21 сентябрь куни бошқа бир фуқаро Мурод Норбоевга худди шу жойдан 600 кв.м. ер ажратиш тўғрисида 1557-сонли қарорни чиқарган.
«2016 йили Мурод Норбоев келиб, захкашни кўмиб, қурилиш ишларини бошлаб юборди. Бу ер менга тегишли эканини айтганимда ўзида ҳам ҳокимлик қарори борлигини билдирганди. Шунда менга ажратилган бу ер Мурод Норбоевга ҳам берилганини билиб, ҳангу-манг бўлиб қолдим», - дейди Нуриддин ака.

Шу вақтдан бери 4 йил ўтган бўлса-да, Нуриддин ака қонуний асосда ўзига тегишли бўлган ерда тадбиркорлик қилолмаяпти. Унинг арз қилмаган жойи, тақиллатмаган эшиги қолмаган. Бу вақт ичида фуқаро М.Норбоев захкашнинг бир қисмини кўмиб, қурилиш ишларини амалга оширган. Натижада, балиқ ҳовузига келадиган сув йўли ёпилган ва ҳовуз сувини тозалаб туриш учун мавжуд бўлган захкаш кўмиб юборилган. Ҳовузнинг суви қуриб, балиқ чавоқлари нобуд бўлган.













