Тўғри танланган кечки овқат уйқусизлик устидан ғалаба қозонишга ёрдам беради.
Уйқу етишмаслиги саломатлик ва психикага бирдек жиддий азият берувчи ҳолат ҳисобланади. Уйқу сифатига кўплаб омиллар ўз таъсирини кўрсатади — стресслар пайдо бўлишидан бошлаб ирсий касалликларгача. Улар орасида тановул қилинаётган овқатлар ҳам ўз ўрнига эга.
Уйқу билан муаммолар қийнаётган бўлса, демак рационга эътибор қаратиш вақти келди. Қайси маҳсулотлар фойдали ва айнан қайсилари биз учун муҳим бўлган соғлом дам олишга халақит бериши ҳақида маълумот берамиз.
Уйқу сифатини оширувчи маҳсулотлар
Агар сиз сурункали уйқусизликдан азият чексангиз, қуйидаги озиқ-овқатларни кундалик дастурхонингизга қўшинг ва бироз вақт ўтиб фарқни пайқанг.
Банан

Ушбу цитрус меваси калий ва магнийга бой бўлиб, бу моддалар табиий миорелаксант каби ҳаракат қилади. Улар уйқу олдидан тана тин олишига ёрдам беради. Бундан ташқари, банан ўз таркибида триптофан аминокислотасини сақлаб, серотонин синтезида иштирок этади — ушбу нейромедиатор ҳам тинчлантирувчи таъсирга эга.
Серотонин, ўз навбатида, мия қуббасимон танасидаги фермент таъсири остида мелатонинга айланади, яъни «уйқу гормони»га. Ўтказилган тадқиқот натижасига кўра, 2та банан истеъмол қилгандан сўнг қондаги мелатонин даражаси 4 баробарга ортиши аниқланган. Триптофан мияга етиб бориши учун ўртача бир соат вақт кетади, шунинг учун бананни уйқудан 1-2 соат олдин тановул қилинг.
Бодом

У нафақат оқсилга, балки мушаклар тин олиши ва уйқуга кетишни енгиллаштирувчи магнийга ҳам бой.
Бундан ташқари, бодом мелатониннинг қимматли манбаи бўлиб, ухлашга тўсқинлик қиладиган кортизол, яъни стресс гормони миқдорини камайтириши мумкин. Изланишларда аниқланишича, бу турдаги қуруқ мева ва ундан олинган ёғ тинчлантирувчи ва гипнотик таъсирга эга.
Хулоса қиладиган бўлсак, ётиш олдидан бир ҳовуч бодом ёки бодом ёғи қўшилган бутерброд тановул қилиш уйқусизликка қарши ажойиб ёрдамчи бўла олади.













