Баҳоловчиларга тоифалар бериш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланди, деб ёзмоқда Norma.
Ҳаммаси бўлиб тоифалар учта: иккинчи, биринчи ва олий. Мазкур ҳолатда тоифалар нафақат мутахассиснинг билим ва кўникмаларини акс эттиради, балки унинг ваколатлари ҳажмига ҳам таъсир кўрсатади. 2020 йил 1 январдан бошлаб фақат биринчи ёки олий тоифали баҳоловчилар баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботларни экспертизадан ўтказиши мумкин.
Давлат активларини бошқариш агентлиги баҳоловчиларга тоифаларни беради. Талабгор у ерга қуйидагиларни илова қилган ҳолда ариза беради:
• баҳолаш ташкилоти томонидан тасдиқланган меҳнат дафтарчасидан кўчирма ёки “Электрон меҳнат дафтарчаси” тизимидан кўчирма;
• талабгор ишлайдиган баҳолаш ташкилоти томонидан тасдиқланган баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботлар ва баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботлар бўйича эксперт хулосалари реестрлари;
• баҳоловчи малака сертификатининг нусхаси;
• ҳужжатларни кўриб чиқиш учун БҲМнинг 1 баравари миқдорида тўлов тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат.
Талабгор ўз хоҳишига кўра ўзининг профессионал фаолияти ҳақида қўшимча маълумотларни ўз ичига олган ҳужжатларни тақдим этиши мумкин. Масалан, ОАВдаги мақолалар, хорижий малака ошириш курсларидан ўтганлиги ҳақида сертификатлар, RICS, TEGoVA, Appraisal Institute, ISO 17024, NAMA, CCIM Institute ва бошқа халқаро сертификатлар нусхалари.
Ҳужжатларни уларнинг олинганлиги тўғрисидаги билдиришнома билан бирга оддий почта ёки электрон почта орқали юбориш мумкин. Иккинчи ҳолатда уларни ЭРИ билан тасдиқлаш лозим. Агентлик 3 кун мобайнида ҳужжатларни кўриб чиқиш ёки топширилган ҳужжатлар тўплами тўлиқ бўлмаган тақдирда уни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади. Агар аризада жўнатувчининг электрон почтаси кўрсатилган бўлса, қабул қилинган қарор тўғрисидаги билдиришнома ахборот тизими орқали унга юборилади.
Давлат активларини бошқариш агентлиги 7 нафар аъзодан иборат комиссияни шакллантиради: 3 нафар агентликнинг вакили ва Баҳоловчи ташкилотлар ассоциацияси ва Ўзбекистон баҳоловчилар жамиятидан 2 тадан вакил. Комиссиянинг йиғилишлари аризалар тушишига қараб, аммо бир ойда камида 1 маротаба ўтказилади. Йиғилишларда ҳужжатлар ўрганилади ва ҳар бир комиссия аъзоси баҳолаш варақасини тўлдиради.















