Президент Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 26 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, солиқ сиёсатида айрим ўзгаришлар амалга оширилмоқда. ЎзА мухбири ушбу ислоҳотлар, тадбиркорларни қўллаб-қувватлашдаги янги механизмларнинг мазмун-моҳияти ҳақида Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раиси Беҳзод Мусаев билан суҳбатлашди.
– Президентимиз фармонига биноан, 1 октябрдан қўшилган қиймат солиғи ставкаси амалдаги 20 фоиздан 15 фоизгача пасайтирилди. Ушбу ўзгаришнинг аҳамияти ҳақида сўзлаб берсангиз.
– Мутахассислар солиқ сиёсати бўйича ўз фикрларини билдирган ва қўшилган қиймат солиғи ставкаси юқори эканини таъкидлашганди. Аммо ўйлаб кўринг, Ўзбекистон Республикаси давлат бюджетига тушумнинг учдан бирини қўшилган қиймат солиғи ташкил этади. Бу мамлакат олдида турган кўплаб харажатлар учун муҳим манба ҳисобланади.
Бугун бюджет ташкилотларида 1,7 миллион аҳоли доимий иш билан банд, 3 миллиондан ортиқ пенсия ёшидаги фуқаролар бор. Давлат томонидан уларга ҳар ой маош ва нафақалар берилади. Давлат ўз олдида турган ана шундай мажбуриятларни тўла бажариши учун ўтган вақт давомида қўшилган қиймат солиғини 20 фоизда ушлаб туришга тўғри келди.
Ўтган йилги солиқ концепциясида 2019 йил 1 январдан иш ҳақи фондига бўлган солиқ юкини камайтириш кўзда тутилганди. Натижада ушбу санадан бошлаб жисмоний шахсларнинг даромад солиғи 22 фоиздан ягона 12 фоизга туширилди. Саккиз фоизлик иш ҳақидан суғурта бадали олиш умуман бекор қилинди. Бу бир қараганда, бюджетга тушумнинг сезиларли камайишига олиб келишини англатади. Шу боис мутахассислар бу ўзгаришни катта таваккал, дея баҳолаганди.
Аммо Президент Шавкат Мирзиёевнинг узоқни кўзлаб иш тутиши натижасида тадбиркорлар яратилган солиқ имтиёзларидан оқилона фойдаланиб, ўз фаолиятини янада жонлантирди. Бунинг натижасида жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг давлат бюджетига тушуми икки бараварга ортиши кузатилди. Йилнинг биринчи ярмида қўшимча 571 минг солиқ тўловчи аниқланди. Даромад солиғи давлат бюджетини шакллантирувчи учинчи солиқ тури эканини инобатга олсак, бу муҳим аҳамиятга эга экани ойдинлашади.
Айни шу натижалар қўшилган қиймат солиғи ставкасини пасайтириш қарорини қабул қилишга туртки бўлди. Биз 15 фоизлик ставкани 2020 йил 1 январдан жорий этиш таклифини илгари сургандик. Аммо давлатимиз раҳбари бу амалиётни 1 октябрдан жорий қилиш ва иқтисодиётда бизнес учун енгилликлар яратиш бўйича топшириқлар берди.







