“Корея иши” фигуранти сифатида халқаро қидирувга берилган Азиз Тоштемиров Миграция агентлигининг раҳбари Беҳзод Мусаевга нисбатан яна бир жиддий даъвони илгари сурди.
Тоштемировнинг иддао қилишича, Тошкент шаҳри Яккасарой туманида жойлашган ва ўтган йилда фойдаланишга топширилган Consti меҳмонхонасига Мусаевнинг оила аъзолари эгалик қилади.
“90 млн доллардан камида 4–5 млн доллар қисми мана бу ерда эмасми? Тошкентнинг қоқ марказида, “Россия” меҳмонхонасининг шундоқ ортида жойлашган Consti Hotel номли яп-янги меҳмонхона бор. Ушбу меҳмонхонанинг бугунги кунда бозордаги таннархи камида 3–4 миллион доллар туради. Унинг эгалари эса Миграция агентлиги директори Мусаев Беҳзод Анваровичнинг хотини, ўғли ва қизи ҳисобланади», — деб ёзди Тоштемиров “Корея 24” телеграм каналида.
Даъволар қанчалик асосли?
Корхона ва ташкилотларнинг ягона давлат реестридаги маълумотларга кўра, Consti Hotel оилавий корхонаси 2025 йил 12 февралда рўйхатдан ўтказилган. Устав фонди — 5 млн сўм. фаолият тури — Меҳмонхоналар ва шунга ўхшаш яшаш жойлари.
Корхонанинг таъсисчилари сифатида Каримова Мунисахон Беҳзод қизи (50 фоиз) ва Мусаев Абдулбоситхон Беҳзод ўғли (50 фоиз) келтирилган. Раҳбар сифатида Мусаева Дилдора Фаридоновна кўрсатилган.

Тоштемировнинг юқоридаги даъволарига ҳозирча Беҳзод Мусаевнинг ўзи муносабат билдиргани йўқ. Миграция агентлиги матбуот хизмати эса Kun.uz’га бу даъволар бевосита агентлик фаолиятига алоқадор эмаслигини билдирди.
Маълумот учун, Беҳзод Мусаев 2022 йил декабрдан 2024 йилнинг сентябригача Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири бўлган.
2024 йилнинг сентябрида Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги раҳбари этиб тайинганди. Шу йилнинг октябр ойида Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги тугатилиб, унинг ўрнида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги ташкил этилганди. Мусаев тугатилган агентлик раҳбари лавозимидан янги ташкил этилган ташкилот раҳбарлигига ўтказилганди.
Қонунчиликда чеклов борми?
“Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги ҳамда “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонунларига кўра, давлат хизматчисининг хотини, фарзандлари ва бошқа яқин қариндошлари йирик мол-мулкларга (уй-жойлар, тижорат объектлари, автомашиналар) эгалик қилиши тақиқланмайди. Яъни қимматбаҳо мол-мулк бевосита давлат хизматчиси лавозимда бўлган пайтда харид қилинган бўлса ҳам, қонунчиликда қариндошларнинг мулк сотиб олиш ҳуқуқига доир тўғридан-тўғри чеклов йўқ. Аммо, бу жараёнда бир нечта қатъий талаблар ва юридик механизмлар ишга тушади:







