Шу йилнинг 14 сентябрь куни Олий Мажлис Сенатининг 22 ялпи мажлиси ўтказилди ҳамда мазкур йиғилишда аҳоли ўртасида кўпгина муҳокамаларга сабаб бўлган «Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қўшма қарорини тасдиқлаш масаласи кўриб чиқилди.
Kun.uz шу ва бошқа масалалар бўйича фикрлашиш ва ҳамон очиқ қолаётган айрим саволларга жавоб топиш мақсадида Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси, Регламент ва одоб комиссияси раиси Иқболжон Мирзаалиев (Иқбол Мирзо) билан суҳбат ўтказди.
Ўзи умуман, халқимизда тўйлар юзасидан баҳслар юз йил олдин ҳам бўлган, юз йил кейин ҳам бўлса керак. Бу қўшма қарор бирор иш беришига ишонасизми?
— Ишонаман. Хабарингиз бор, 1917 йил Тошкенда уламо ва олимларимиз йиғилиб, «Шўройи исломия»нинг съездини чақиришади. Мазкур йиғилишда айнан тўйлар масаласи муҳокама қилинади.
Тасаввур қилинг, ўша пайтда биринчи жаҳон уруши давом этаётганди, ҳамма томонда очарчилик ва бизнинг уламолар томонидан тўйлар масаласи кун тартибига қўйилиб, муҳокама қилинган, унинг норма ва меъёрларини белгилашган. Мазкур съездга Мунаввар қори Абдурашидхонов бошчилик қилган.
Бу йиғин якунида тўйлардаги исрофгарчиликларни жиловлаш бўйича қарор қабул қилиниб барча ҳудудларга юборилади. Бу қарорда бир қанча нормалар белгиланган эди. Масалан, никоҳ тўйларида куёвнавкарлар сони қирқтадан ошмаслиги, тўйлардан кейин «қирқ», «йигирма», «етти» деган хурофий маросим ва маъракалар ўтказилмаслиги, ортиқча мато, кўрпаликлар бериш тўхтатилиши кераклиги кўрсатилганди.
Бу съезд қарорининг менга таъсир қилган жиҳатларидан бири шуки, унда жамиятдаги бадавлат, давлатманд кишиларга мурожаат қилиниб, хайр-эҳсонни очдан ўлаётганлар ва касалларга бериш сўралади.
Қарор якунида эса кўрсатилган меъёрларни бузган кишиларга нисбатан баённома тузилиб, унинг ижроси жойлардаги қозилар, миршабларга юклатилади ва «Нажот» газетасининг 1917 йил 27 апрель сонида босилиб чиқади. Қарор: «Тежамкор бўлинглар, Аллоҳ тежамкор кишиларни севади», дея якунланган.








