Турк депутати Ширин Уналнинг уйида ўзини отиб қўйган Нодира Қодирова ишига боғлиқ яна бир шубҳали ҳолат ўртага чиқди.

Маълум бўлишича, полиция ходимлари марҳумнинг яқинлари берган айрим кўрсатмаларни қабул қилишни истамай, улардан ўз гапларини қайтариб олишларини сўраган.

Нодира Қодирова оиласининг ҳуқуқшуноси, Болалар ва аёллар биринчи номли ассоциация раҳбари Мужде Тозбей Эрден Bianet`га берган интервьюсида шу ҳақда айтиб ўтди.

«Сизлар уларни нотўғри айблаяпсиз», дейиш билан Нодиранинг дўстлари ва акасидан ўз эътирозлари ҳамда кўрсатмаларини қайтариб олишлари учун уринган полиция офицерларига чора кўрилиши лозим», – дейди Тозбей.

Мужде Тозбей Эрден

Ҳуқуқшуноснинг сўзларига кўра, мазкур ҳолатга прокуратура суицид деб баҳо бермай туриб, полиция тезда ана шундай эълон бергани ҳам шубҳалидир.

«Одатда, аёл киши вафот этган ҳолатларда ўлим ўз жонига қасд қилиш оқибатида рўй берганми ёки йўқ, деган саволга суд-тиббий экспертизаси хулосасига таяниб прокуратура жавоб берарди. Қодированинг суициди билан боғлиқ ҳолатда эса буни полиция департаменти эълон қилгани дастлабки гумонларни келтириб чиқаряпти», – деб қайт этди у.

«Нодира қай тарзда ўз жонига қасд қилгани, ўлимидан бир кеча олдин дугоналаридан бирига жинсий тегажоғликка учрагани ҳақида айтгани, Анқара шаҳар прокуратураси мурдани ёриб кўриш ва суд-тиббий экспертизаси хулосасини тезда олиб, жасад Нодиранинг ватанига юборилгани, бу ишлар учун қоғозбозликка икки кунгина вақт етарли бўлгани бу ўлим борасида шубҳа-гумонларни туғдиряпти», – дея фикр билдирди Мужде Тозбей Эрден.

Унинг қўшимча қилишича, яна бошқа бир қатор ҳолатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар депутат Ширин Унални ҳимоя қилаётганини кўрсатмоқда.

Ҳуқуқшунос прокуроратуранинг марҳум ва унинг дугонасига нисбатан фоҳишалик айбловини илгари сурганига ҳам муносабат билдирди.