Хориждаги миллионлаб ватандош – бир-бирига ҳам ўхшаш, ҳам фарқли миллионлаб тақдирлар демакдир. Нодира Қодирова воқеасини ҳам меҳнат мигрантларининг алоҳида қатлами шаклланиб улгурган ўзбек жамиятидаги муаммолардан айро ҳолда таҳлил этиб бўлмайди.
Депутатнинг уйида ҳақиқатан суицид бўлганми ёхуд қотиллик, деган савол қанчалик актуал бўлса, мигрантлар билан боғлиқ навбатдаги фожиа – 23 ёшли қизнинг ўлимидан биз қандай хулоса қиляпмиз, деган савол ҳам шунчалик муҳим.
Нодиранинг акаси Муҳаммадали Қаршибоев билан суҳбатимиз бизни ана шундай хулосага ундади.
«Биз у ёқларга ўйнагани кетганимиз йўқ эди. Ишлаш учун, уй олайлик деб, йўқчилик туфайли кетгандик. Ўз ватанида, оиласи бағрида, дўст-биродарларига қўшилиб юришни, тўй-маъракаларга қатнашишни ҳар ким ҳам хоҳлайди...» – дейди сўнгги 5 йил давомида Туркияда меҳнат муҳожири бўлган Қаршибоев.
Суҳбатимизнинг биринчи қисмида Муҳаммадали бевосита воқеа тафсилотларини сўзлаб берган эди. Интервью жиззахлик оиланинг ўтмиши ва бугуни, ака-сингилнинг Туркияга бориб ишлаши сабаблари ва Қаршибоевнинг мусофирчиликдаги ҳаёти каби мавзуларда давом этди.
Суҳбатнинг биринчи қисми: «Синглим ақли заиф ҳам, фоҳиша ҳам эмасди!»
Ака-сингилни Туркияда ишлашга нима мажбур қилди?
– Оилада тўрт фарзандмиз – уч қиз, бир ўғил. Икки опам турмушга чиққан. Кенжамиз, она синглим Нодира раҳматли бўлди. Отам вафот этганлар, жойлари жаннатдан бўлсин. Жиззах вилоятида доимий рўйхатда турамиз, ҳозир Тошкентда ижарада истиқомат қиляпмиз.
Оилавий шароитимиз оғирлиги туфайли охирги беш йил давомида Туркияда ишладим. Олаётган маошим рўзғордан ортмасди. Икки опам турмушга чиққан, оилада ота-онам ва синглим бор эди. Уч йил олдин вафот этган отам меҳнат қила олмасдилар – оғир касалликка чалингандилар. Дори-дармонга кўп пулимиз кетиб қоларди. Ҳатто амакимлар, дўст-у биродар, қариндошлардан қарз ҳавола қилиб... Бу қарзларни шу пайтгача ҳам уза олганимиз йўқ. Аллоҳ соғлик берса, узамиз, аввало отамнинг соғлигига қарайлик, деган мақсадда уларнинг дори-дармонига пул топиш учун чет давлатга кетганман.







