Айни вақтда республикамизда пахта терими мавсуми қизғин давом этмоқда. Маҳаллаларда тузилган отрядлар, ишсизлар, жамоатчилик асосида жалб қилинганлар ва кўнгиллилар пахтани териб олишда иштирок этмоқда.
Таъкидлаш жоизки, президент Шавкат Мирзиёев жорий йил 12 август куни видеоселектор йиғилишида барча ҳокимларга бу йил пахта теримига бюджет ташкилотлари ходимлари жалб қилинмаслигини эслатиб ўтган эди.
Kun.uz таҳририятига айнан шу масалада йўлланаётган мурожаатлар шуни кўрсатмоқдаки, жойларда айрим масъуллар Президентнинг ушбу топшириғини унутган.
Таҳририятга айнан шу мазмундаги мурожаат Сурхондарё вилояти, Денов туманидан келиб тушди.
«Денов туманида ҳамон бюджет ташкилотлари пахтага жалб қилиниши давом этмоқда. Ўзим ҳам бюджет ташкилотида ишлайман. Пахта теримидамиз. Бунга қачон чек қўйилади? Бу президент олиб бораётган сиёсатга қарши ҳаракат эмасми?», – дейилади мурожаатда.
Ушбу ҳолатни жойида ўрганиш мақсадида Денов туманида бўлдик ва мурожаатда билдирилган эътирозларга ойдинлик киритдик.

Маълум бўлишича, теримчилар ҳар куни эрталаб туман марказий стадионида йиғилиб, сўнгра автобусларда пахта далаларига олиб кетилар экан.

30 сентябрь, душанба. Эрта саҳардан стадион ҳудудига йўл олдик. Борганимизда уч-тўрт нафар теримчи энди йиғилган экан. Улар билан суҳбатлашдик. Ўзларини ободонлаштириш бошқармасидан эканлигини билдирган аёллар беш-олти кундан буён пахта теримига чиқаётганлигини маълум қилишди.
Теримга жалб қилинаётганлар аста-секин тўплангандан сўнг маҳаллалардан келган теримчиларни гапга тутдик. Уларнинг орасида ўз ихтиёри билан келмаганлар ҳам бор эди.

«Маҳалламиз раиси эшикма-эшик юриб, пахта теримига чиқишимизни айтмоқда. Ҳамма ҳам кўнгилли равишда чиқаётгани йўқ. Шахсан ўзим ҳам. Имконим бўлмаса-да, маҳалла раиси қистови билан далага боряпман. Сабаби, эртага барибир ишимиз тушади шуларга. Бирор маълумотнома керак бўлади ёки болалар пули юзасидан мурожаат қиламиз. Қолаверса, кам таъминланганман, маҳалладан ёрдам бериб турилади. Шу ёрдамдан ажраб қолмаслик учун ҳам чиқяпман», – дейди теримчи аёл.
Таҳририятга йўлланган мурожаатда бюджет ташкилотлари ходимлари ҳам стадион ҳудудидан олиб кетилаётгани маълум қилинган эди. Аммо уларни стадион ҳудудида учратмадик. Мурожаатчи эса ўзи теримда эканлиги, айнан шу куни тўғри далага бориш ҳақида топшириқ олганини билдирди.

















