Ўзбекистон | 11:00 / 03.10.2019
34075
3 дақиқада ўқилади

«У ҳақ, якуний қарордан олдин жуда жиддий таҳлил ўтказиш керак». Матвиенко Ўзбекистон ЕОИИга киришга шошилмаётганига изоҳ берди

Ўзбекистоннинг Евросиё Иқтисодий Иттифоқига киришининг эҳтимолий шартлари ва мазкур жараёндаги рискларни баҳолаш 2019 йил охирига қадар якунланиши кутилмоқда. Бу ҳақда Россия Федерациялар кенгаши спикери Валентина Матвиенко Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашувдан кейин маълум қилди.

Расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлиб турган Матвиенко 2 октябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги учрашувда Ўзбекистон ЕОИИга қўшилиш масаласини кўриб чиқаётганини айтган эди.

«Президентларимиз ишчи гуруҳ тузиш бўйича келишиб олишган. Россия томонидан бу ишчи гуруҳга Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Силуанов бошчилик қиляпти.

Гуруҳ эҳтимолий шартлар, рисклар ва салбий оқибатларнинг олдини олиш таҳлили юзасидан жуда тиғиз ва яхши темпда иш олиб боряпти. Таҳлил ишлари йил охирига қадар якунланиши керак», – деган Матвиенконинг сўзларини келтирди ТАСС.

Унинг сўзларига кўра, ЕОИИнинг барча аъзо давлатлари бу каби таҳлилий баҳолаш ишларини олиб боришяпти, чунки ташкилотга янги аъзони қабул қилиш масаласидаги қарор биргаликда қабул қилинади.

«Ўзбекистон президенти иқтисодий интеграцион бирлашмаларда иштирок этиш – бугунги куннинг реал воқелиги эканини тушунади. У ҳақ, якуний қарор қабул қилишдан олдин аъзо бўлиш шартлари юзасидан жуда жиддий таҳлил ўтказиш, бу иқтисодиётга зиён етказмайдими, иш ўринлари сонига таъсир қилмайдими каби шу ва бошқа саволларга жавоб топиш зарур», – деб қайд этди Валентина Матвиенко.

Ўзбекистон томони ҳозирча ЕОИИга аъзолик масаласи кўриб чиқилаётгани бўйича маълумот берганича йўқ. Аммо, президент Шавкат Мирзиёев шу йил июнь ойида Сенатнинг 20-ялпи мажлисида сенаторларга мурожаат қилиб, Евросиё Иқтисодий Иттифоқига аъзо бўлиш ёки бўлмасликдан келиб чиқадиган фойда-зарарлар ҳақида гапирган эди.

«Қўшниларимиз биздан анча олдинда. Улар яқинда маҳсулотларни маркировкалашга ўтади. Биз бу бозорда маркировкаланмаган маҳсулотларимиз билан ютқазамиз. Биз тўғри йўлни топишимиз керак. Барчасини таҳлил қилиб, 10 марта ўлчаб, кейин қарор қабул қилиш керак», деганди президент.

Июнь ойида, шунингдек, Россия бош вазири Дмитрий Медведев ҳам бу масалага тўхталиб, «Ўзбекистон ЕОИИда юз бераётган жараёнларни ҳозирча кузатиб тургани»ни айтганди.

Мавзуга оид