Ўзбекистон | 15:29 / 04.10.2019
26623
3 дақиқада ўқилади

Нега ўзбекистонликлар миллий маҳсулотни харид қилмайди? «Ўзтўқимачиликсаноат» раиси изоҳ берди

Илҳом Ҳайдаров / Фото: KUN.UZ

Четга экспорт қилинадиган ва ички бозорда сотиладиган тўқимачилик маҳсулотлари сифат бўйича фарқланадими? Нега маҳаллий аҳоли Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотни кам харид қилади? 

Мазкур масалаларга бугун, 4 октябр куни, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси масъуллари иштирокида бўлиб ўтган матбуот анжуманида тўхталиб ўтилди.

Уюшма раиси Илҳом Ҳайдаровнинг қайд этишича, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган тўқимачилик масҳулотларининг сифатлиси хорижга сотилади, ички бозорга эса сифати пасти киритилади деган қараш асоссиз. Ишлаб чиқаришда битта линия йўлга қўйилган, барча маҳсулотлар бир хил сифатда битта линияда ишлаб чиқарилади. 

“Нега одамлар ўзимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотни харид қилгиси келмайди? Бундай ҳолат бошқа давлатларда ҳам кузатилган. Жанубий Кореяда менга айтиб беришган эди. 20 йил аввал уларда ҳам аҳоли миллий маҳсулотни сотиб олмаган экан. Бизда ҳам ҳозир шунақа ҳолат. Одамлар Туркиянинг, Хитойнинг нарсасини сўрайди. Ваҳоланки, биз 2 млрд долларлик маҳсулотларни хорижга экспорт қиляпмиз. Хорижлик харидорлар ҳам анойи эмас. Сифатли нарсани олади. 1000 дона маҳсулотга буюртма тушган бўлса, 1100та чиқарамиз, 100таси ички бозорга киради. Сифат даражаси тўлиқ бир хил”, ─ дейди раис.

Шунингдек, Илҳом Ҳайдаров истеъмолчиларнинг таниқли брендларга бўлган қизиқишига ўз муносабатини билдирди. 

“Кўпгина харидорлар таниқли бренд ишлаб чиқарган маҳсулотни кийгиси келади. Ҳатто сифати унча юқори бўлмаса ҳам шу брендни танлайди. Бренднинг таниқлилиги сифатнинг ҳам аъло даражада эканлигини билдирмайди. Уларнинг нарсасини одам бир-икки ойда алмаштириб юбориши мумкин. Ўзимизнинг жайдари сочиқлар эса бир йил, ундан ҳам кўпроққа хизмат қилиб беради. 

Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг сифатига ҳам, талабгорлигига ҳам ҳеч қандай эътироз бўлмайди. Аҳоли миллий маҳсулотдан фойдаланса, унинг қандайдир айби бўлса ва бизга айтса, шу камчилик устида ишлаймиз, бу эса сифатнинг ошишига хизмат қилади”, ─ дейди “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси раиси.

Мавзуга оид