Ўзбекистон | 17:20 / 04.10.2019
36666
7 дақиқада ўқилади

«Ўзбекистон миллий манфаатларга рахна солувчи ҳеч қандай шартномага қўл қўймайди». Содиқ Сафоев ЕОИИга аъзолик эҳтимоли ҳақида

Ўзбекистоннинг Евросиё Иқтисодий Иттифоқига қўшилиш эҳтимолини кўриб чиқаётгани – янгилик эмас. Шу билан бирга, расмий доираларда бу масала ҳозирча фақат ўрганиб чиқилмоқда, якуний қарорга эса ҳали келинмаган.

Бу ҳақда Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев Россия Федерациялар кенгаши раиси Валентина Матвиенконинг Ўзбекистонга ташрифи юзасидан ташкил этилган анжуман анжуманида маълум қилди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

«Нимага асосланиб бу ҳақда биринчи бўлиб Россия томони маълумот берди, деяпсиз? 24 июнь куни Ўзбекистон президенти Олий Мажлис Сенатидаги чиқиши вақтида ЕОИИ билан ҳамкорлик қилишнинг имкониятлари, плюс ва минусларини, ижобий ва салбий оқибатларини кўриб чиқиш кераклигини айтган эди.

Қолаверса, Ўзбекистон президентининг Беларусга расмий давлат ташрифи давомида 1 август куни қўшма баёнот имзоланган ва бу баёнотнинг 7-бандида томонлар Беларуснинг тажрибасидан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистоннинг ЕОИИ билан ҳамкорлик қилиши имкониятларини ўрганиш борасида келишиб олишгани қайд этилган эди.

Бир хиллар бу жараён жуда тезлашиб кетмаяптими, дейишмоқда. Йўқ, Ўзбекистоннинг янгиланган ташқи сиёсатини амалга ошириш бошланганидан кейин, биласизлар, Ўзбекистон турли минтақавий кўп томонлама ташкилотлар билан муносабатларни қайтадан кўриб чиқа бошлади. Сиёсатлаштирмасдан, мафкуравий ёндашувдан воз кечиб, Ўзбекистон халқи учун, Ўзбекистоннинг миллий манфаатлари учун қайси бири тўғри келса, шуни ривожлантириш борасидаги янги ёндашувлар амалга оширила бошлади.

Масалан, куни кеча Ўзбекистон Туркий тилли давлатлар кенгашига кириш ҳақида қарор қабул қилди. Мана бугун шу ташкилотнинг раҳбарияти Ўзбекистонга келяпти. Октябрь ойида Ўзбекистон раҳбари Туркий тилли давлатлар кенгашининг Бокуда бўладиган учрашувида иштирок этади ва Ўзбекистон бу ташкилотда биринчи марта тўлақонли аъзо сифатида қатнашади. 25 йил давомида биз қочиб юрган ташкилотга мана энди киряпмиз.

Сизларга ахборот бериб қўйишим мумкин, кейин биз буни бошқа томондан эшитдик, деб айтманглар. Ўзбекистон ҳозир Европа Иттифоқи билан кенгайтирилган ҳамкорлик ҳақида келишув устида ишлаяпти. Иш муваффақиятли кетяпти. Мураккаб ҳам бўляпти, чунки бу – бизнинг янги форматдаги иқтисодий муносабатларимиз. Умид қиламизки, янаги йилнинг бошида шундай келишувга эришамиз. Ва бу Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқи билан муносабатлари янада кенгайишига олиб келади.

Ўзбекистон охирги уч йил давомида Евросиё Иқтисодий Иттифоқи билан муносабатлар масаласини жуда кўп марта муҳокама қилган эди. Тушунарлики, бу ташкилотга аъзо барча давлатларнинг Ўзбекистондек йирик мамлакатнинг унга киришидан манфаатлари бор. Лекин ҳеч қачон бу қандайдир тазйиқ, босим сифатида бўлмаган.

Бунда иккита омил бор.

Биринчидан, Ўзбекистон ўзига босим ўтказишларига йўл қўйиб қўядиган давлат эмас. Буни ҳамма яхши билади. Шунинг учун ҳам Ўзбекистоннинг мавқейи халқаро миқёсда баланд.

Иккинчидан, Ўзбекистоннинг лидери тазйиқ олдида букиладиган шахс эмас. Халқаро доирада буни яхши билишади. Шунинг учун ҳам ҳеч қачон босим ёки тазйиқ ўтказишга ҳеч ким жазм этмаган.

Кўп томонлама, икки томонлама муносабатларни муҳокама қилаётганда бу масала ҳам кўтарилган. Лекин мана 3 йил олдин бу масала кўтарилганида Ўзбекистон раҳбарияти ҳалиги ибора бор-ку, ликиллаб бориб кириб олгани йўқ бу нарсага. 3 йил мобайнида бу нарса [Россиядан] бошқа давлат вакиллари билан ҳам ўрганиб келиняпти.

Бунинг салбий ва ижобий томонларини мутахассисларимиз ўрганиб келишяпти. Биз қаерда ютқазамиз, қаерда ютамиз. Албатта, иккаласи ҳам бўлади. Минтақавий ташкилотга кириш ўз ваколатларингизнинг бир қисмини беришни тақозо қилади, лекин шу билан бирга, у ердаги имкониятлардан фойдаланиш ҳам мумкин бўлади.

Ижобий ва салбий томонларидан қайси бири кўпроқ, қайси бири камроқ эканини ҳозир сизга айтишга тайёр эмасман. Қанча сарф кетади, қанча фойда келади, бунинг ҳисоб-китоби бор.

Бир қарорга келишдан олдин Ўзбекистон томонидан бу чуқур ўрганиб чиқилмоқда, мутахассислар ишлаяпти. Позиция ишлаб чиқилганидан сўнг биз албатта кенг жамоатчиликка етказамиз.

Мен ваъда бераман, сизлар билан тегишли мутахассисларни олиб келган ҳолда алоҳида учрашамиз. Ёки у, ёки бу қарорни сизларга албатта етказамиз», – деди Сафоев.

Унинг маълум қилишича, Ўзбекистоннинг ЕОИИга аъзо бўлиши масаласини ўрганиб чиқиш юзасидан қўшма ишчи гуруҳга Ўзбекистон томонидан президентнинг давлат маслаҳатчиси Равшан Ғуломов бошчилик қилмоқда.

«Масалани ўрганиш билан бир нечта ташкилотлар шуғулланяпти. Буларнинг ишини мувофиқлаштиришни Президент Администрациясида, давлат маслаҳатчиси Ғуломов олиб боради. Бошидан айтишим мумкин, мутахассисларимиз масалани турли фикрдан, турли жабҳалардан чуқур ўрганиб чиқишяпти. Кеча-ю кундуз ишланяпти. Ўйлайманки, улар асосли бир қарорга келади», – деб қайд этди Содиқ Сафоев.

Сенат раисининг биринчи ўринбосари Евросиё Иқтисодий Иттифоқига қўшилиш Ўзбекистон мустақиллигига рахна солади, деган хавотирларга ҳам муносабат билдирди.

«Бу саволингизга жавоб берсам, худди тайёр қарорни шарҳлагандек бўлиб қолишим мумкин. Яна бир бор қайтараман, қарор йўқ. Ўрганиш кетяпти.

Бу борада шуни билишимиз керакки, Ўзбекистоннинг киришдан олдинги энг асосий шарти – Ўзбекистоннинг миллий манфаатлари биринчи ўринда туради. Мустақиллигига путур етказадиган битта ҳам бандига Ўзбекистон қўшилмайди.

Бундай ташкилотларга кириш доимо музокаралар орқали бўлади. Бу ерда битта давлат эмас, бошқа мамлакатлар билан ҳам музокаралар олиб борилиши лозим. Шу ва бошқа ташкилотларда ҳам қарор қабул қилишнинг асосий тамойили – консенсус. Қандайдир қарорга битта давлат қарши бўлса ҳам, у қарор қабул қилинмайди.

Ўзбекистоннинг миллий манфаатларига, мустлақиллигимизга қандайдир путур етказадиган ёки унга рахна солувчи банд бўлса, Ўзбекистон ҳеч қачон қўл қўймайди. Бу аниқ.

Евросиё Иқтисодий Иттифоқидан ҳам кўпроқ ривожланган халқаро ташкилотлар бор. Масалан, Европа Иттифоқи. Унга аъзо давлатлар ўз миллий пул бирлиги, чегараси ва ҳатто суд масалалари бўйича ҳам мустақиллигини йўқотади. Ўзбекистон бу каби ҳолатларнинг ҳеч бирига рози бўлмайди. Бундан ҳеч ким ҳеч қачон хавотир олмасин», – деб таъкидлади Сафоев.

Мавзуга оид