Халқимиз эртага эмас, узоқ келажакда эмас, айнан бугун ўз ҳаётидан рози ва мамнун бўлиб яшаши керак. Президентимиз илгари сурган ушбу фикр асосида мамлакатимизда аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш йўлида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Гап одамларнинг ҳаётдан, бугунги яшаётган кунидан розилиги ҳақида борар экан, «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари ижроси юзасидан олис қишлоқлар, қаровга, эътиборга муҳтож маҳаллаларда амалга оширилган улкан бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишларини алоҳида қайд этиш лозим. Зеро, ушбу дастурлар одамларнинг бандлик, тиббиёт, таълим, электр энергияси, газ, ичимлик суви, йўллар каби кундалик турмушидаги бирламчи эҳтиёжларини қаноатлантиришга йўналтирилгани билан аҳамиятлидир.
Фуқароларнинг ўз ҳаёт шароитларидан розилигини белгиловчи яна бир муҳим мезон – уларга кўрсатилаётган тиббий хизматнинг сифати ва самарадорлигидадир. Бунинг учун эса тизим етарли даражада кадрлар билан таъминланиши зарур. Қулай бинолар, замонавий асбоб-ускуналар бор тиббий муассасаларда малакали ходимлар ишламаса, тиббий хизматдан одамларни рози қилиш имконсиздир.
Республикамиз вилоят ва туманларида шифокорлар билан таъминланиш даражаси ўрганилганда, жиддий етишмовчиликлар мавжудлиги юзага чиқди.
2018 йил ҳисоботларига асосан республикамиз бўйича мавжуд врачлик иш ўринларининг 12 фоизи вакант ҳолатда бўлса, Сурхондарёда бу кўрсаткич 23,7 фоизни, Сирдарё вилояти бўйича 21,5 фоизни, Жиззах вилояти бўйича 20 фоиздан ортиқроқни ташкил этади.
Агар туманлар кесимида кўрилса, янада жиддийроқ рақамларга дуч келамиз. Масалан, Қорақалпоғистон Республикасининг Тахиатош туманида 33 фоиз, Жиззах вилоятининг Бахмал ва Мирзачўл туманларида 36 фоиз, Янгиобод туманида 57 фоиз, Қашқадарё вилоятининг Миришкор туманида 40 фоиз, Навоий вилоятининг Томди туманида 59 фоиз, Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманида 33 фоиз, Сайхунободда 36 фоиз, Сурхондарё вилоятининг Музработ туманида 45 фоиз, Қизириқ туманида 41 фоиз, Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида 38 фоиз, Фарғона вилоятининг Тошлоқ туманида 43 фоиз врач иш ўринлари бўш экан.
Бу рақамлар кишини чуқур ўйга толдиради, жиддий хавотирга солади.
Ҳар бир вилоятда шифокорларга эҳтиёж мавжуд. Вакант иш ўринларининг асосий қисмини амбулатор поликлиника муассасалари ташкил этади.















