1991 йилда бўлиб ўтган президент сайловида “Эрк” партияси етакчиси Салай Мадаминов 12,5 фоиз овоз олган. Шундан кейинги сайловларда иккинчи натижани қайд этган номзодлардан ҳеч бири 5 фоиз ҳам овоз ололмаганди.

Бу гал ХДП вакили Мақсуда Ворисова яна бир кўрсаткич бўйича рекорд ўрнатди. У президент сайловларида иккинчи натижага эришган илк аёл номзод сифатида тарихга кирди. Ҳозирга қадар ўтказилган сайловларда фақатгина бир марта аёл номзод президентлик учун кураш олиб борган. Бугунги кунда Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси ўринбосари бўлиб фаолият юритаётган Дилором Тошмуҳаммедова 2007 йилги сайловда 3,03 фоиз овоз олганди.

Kun.uz мустақил Ўзбекистоннинг 30 йиллик тарихидаги президентлик сайловларини эслади.

1991 йил

Мустақил Ўзбекистон тарихидаги илк умумхалқ президент сайлови 1991 йилда бўлиб ўтган. 29 декабрда бўлиб ўтган сайловда кураш Ўзбекистон Халқ демократик партияси номзоди Ислом Каримов ҳамда “Эрк” партияси етакчиси Салай Мадаминов (Муҳаммад Солиҳ) ўртасида кечган.

Илк президентлик сайловида қуйидаги натижа қайд этилган:

  • Ислом Каримов – 8,5 миллион овоз (87,1 фоиз);
  • Салай Мадаминов – 1,2 миллион овоз (12,5 фоиз).

Сайловда жами 9 миллион 900 минг 958 нафар сайловчи иштирок этгани айтилади. Марказий сайлов комиссияси маълумотига кўра, 129 823 та овоз ҳақиқий эмас деб топилган. Шунингдек, 36 525 нафар сайловчи ҳар икки номзодга қарши овоз берган.

Аслида 1990 йил март ойида СССР тарқатилмай туриб иттифоқ мамлакатлари ичида Ўзбекистон ССРда илк бор президентлик лавозими таъсис этилган, 24 март куни Олий Кенгаш халқ депутатлари томонидан ўша вақтда Компартия марказий қўмитаси бош котиби бўлган Ислом Каримов Ўзбекистон ССР президенти этиб сайланганди