Куз-қиш мавсуми келиши билан ўзбекистонликларни бир савол ўйлантира бошлайди – бу йил электр энергияси таъминоти қандай бўлади? Шу ва бошқа саволларга Энергетика вазири ўринбосари Шерзод Ходжаев Kun.uz`га берган интервьюсида жавоб бериб ўтди.
– Шерзод ака, энергия самарадорлиги бўйича ислоҳотлар оддий истеъмолчи учун навбатдаги чекловларга айланиб кетмайдими? Ўзи шундоқ ҳам чекловлардан ҳадиксирайдиган оддий истеъмолчи учун уларнинг аҳамияти қандай? Олдимизда куз-қиш мавсуми. Бу мавсумга тайёргарлик ҳақида ҳам сўзлаб берсангиз.
– Ўринли савол. Минг афсус, шу пайтгача биз жуда кўп ислоҳотларни чекловлар орқали ўтказишга ҳаракат қилганмиз. Аммо тажриба шуни кўрсатдики, чекловлар керакли натижани бермайди. Улар ўрнига ундовчи механизмлар яратилиши керак ва яратилмоқда.
Биз тўғри тушунтира билишимиз керак, бу ислоҳотлардан мақсад нима, уларни амалга оширсак нималарга эришамиз. Айнан чекка ҳудудларда бу ислоҳот жуда муҳим. Мен юқорида бежизга айтмадим, кўп жойларда иситиш тизимига жуда катта миқдорда электр энергияси сарфланади. Шундай жойларда хонадонларнинг фақат иссиқ сув ва иситиш-совутиш тизимига сарфлаган электр энергияси қолган барча нарсаларга сарфлаганидан ҳам кўпроқни ташкил этади. Ана шу жойларда биз электр энергияси самарадорлигини оширишимиз, альтернатив вариантлардан фойдаланишимиз зарур.
Куз-қиш мавсумига келсак, бу йилнинг ўтган йиллардан фарқи, жуда катта лойиҳалар ишга тушириляпти. Президентимизнинг мавсумга эртароқ тайёргарлик кўриш, барча чораларни қўллаш бўйича алоҳида топшириғи бор. 2019 йилда ҳамкорларимиз билан жуда қаттиқ ҳаракат қилдик. Мақсад – куз-қиш мавсумида таъминотни яхши йўлга қўйиш.
Жумладан, Навоий иссиқлик электростанциясида 450 мегаватт, Тўрақўрғон электростанциясида иккита 450 мегаваттли энергоблоклар ва Тахиатош электростанциясида 280 мегаваттли биринчи қурилмани ишга тушириш ишлари якунланмоқда. Рақамларда ифода қиладиган бўлсам, куз-қиш мавсумида кечки максимал истеъмол вақтида республика бўйича энергия сарфи 10,5-11 минг мегаватгача етиб боради. Бу йилнинг ўзида янги қўшилаётган қувватлар 1,5 минг мегаваттни ташкил қилади, яъни бизда камида 15 фоизгача қўшимча қувват пайдо бўляпти.
Бундан ташқари, олиб борилаётган ташқи сиёсат натижасида қўшни давлатлар билан алоқаларимиз яхшиланиб бормоқда. Бу энергетика соҳасида ҳам яхши натижа беради – биз зарур пайтда қўшниларимиздан электр энергияси харид қиламиз ёки ортиқчасини сотишимиз мумкин, яъни мавсумий савдони йўлга қўямиз.

















