Ўзаро узлуксиз алоқа жараёнида турли янги технологиялар ва ғоялар оқими давлатлар ўртасида мутассил алмашиниб борилади. Мана шу жараёнда мамлакат янги инновацион ғояларни – стартапларни ҳам қўллаб-қувватлайди.

Янгисини қўллашдан кўра, мавжуд ва синалган импортни мамлакатга киритиш кўпроқ фойда бермайдими, деган саволга Инновацион ривожланиш вазирлиги халқаро консультанти Ербол Сулейменов стартаплар мамлакатдаги ички илмий салоҳиятни қўллаб-қувватлашда катта аҳамиятга эгалигини таъкидлади. Бундан ташқари, улар кичик бизнес ва юқори технологиялар бозорини ривожлантиришда ҳам муҳим омил ҳисобланади.

Нега давлат стартапларни рағбатлантириши керак?

quora.com сайтида таъкидланишича, аҳоли бандлигини ошириш – стартаплар давлат томонидан қўллаб-қувватланишининг энг катта сабаби ҳисобланади.

Ўз-ўзини иш билан таъминлаш тамойили эса ишсизлик даражасини анча қисқартиради.

Мамлакатда ишлаб чиқариш кўрсаткичи юқори бўлиши ЯИМ кўрсаткичи ўсишига ва бошқа жиҳатлар билан фаровонлик ошишига ёрдам беради.

«Ҳукумат стартапларни қўлаб-қувватлашда ўзини хусусий сектор билан бир хилда тутиши шарт эмас. У энг аввало, ўша янги бизнеснинг ишлаб кетиши ва бозорда учраши мумкин бўлган бирламчи тўсиқларни олиб ташласа, етарли», - дея ёзади ejinsight.com сайти.

weforum.org маълумотларига кўра эса, иқтисодий ўсиш ва иш ўрни яратишнинг асосий калити ҳам стартаплардир. Улар ҳар йили юқори технологик ҳаб (марказ)лардаги 40 фоиз янги иш ўрнини яратади.

Ўзбекистонда стартап яратиш учун...

Инновацион ривожланиш вазирлиги сайтида Гарвард универститети ва бошқа турли нуфузли университетларни тугатган малакали мутахассис Одил Абдураззоқов томонидан тавсия қилинишича, стартапларни бошлаш учун айрим муҳим жиҳатларга эътиборли бўлиш зарур:

«Витамин эмас, «оғриқ қолдирувчи» стартаплар яратиш зарур. Масалан, кучли тиш оғриғи ёки бош оғриғи бошланганда одамлар дарҳол оғриқ қолдирувчи дори сотиб олади. Қарз олиб бўлса ҳам, оғриққа тезроқ барҳам беришга ҳаракат қилади. Витамин фойдали эканлигини ҳамма билса ҳам, камдан кам одам сотиб олади.