Кеча телевизорда Америка киноси бўлаётган экан. Ундаги қаҳрамон қўл остидаги ходим билан суҳбатда касбига жон куйдириб, ҳаётидаги энг муҳим кунларидан ҳам воз кечганини айтди:
«Мен сувости кемасида анча йиллик тажрибага эгаман. Касбимни севаман. Уни деб 4 марта президент сайловларига, бир неча бор қизимнинг туғилган кунига ҳам бормадим...» Калит сўз – сайлов.
Эътибор берган бўлсангиз, у ҳаётидаги энг муҳим кунларни санади. Америкада сайлов барчасидан устун туради. Аҳоли «Бу фуқаролик бурчим ва мен кейинги 4 йиллик тақдиримни ўзим белгилайман», деб президентлик сайловига боради. Бошқа сайловларга ҳам шундай муносабатда улар.
Шунга яраша, партиялар сайловларга алоҳида тайёргарлик кўради. Давлат ва маҳаллий ҳокимликлар ҳам уларнинг ишига аралашмайди. Ноқонуний аралашгани ёки аралашмоқчи бўлгани эса ўз вақтида жазоланади.
Уларда биздаги каби «ким сайланиши маълум-ку» деган тушунча йўқ. Сайлов кампанияси бошлангач, ҳамма у билан банд бўлади. Оммавий ахборот воситалари партиялар учун эркин «жанг» платформасига айланади. Телевидение каналларини алмаштираверасиз, демократлар ва республикачилар бир-бирини сўзлар орқали «ғажиб» ташлаётганини кўраверасиз. Улар оммани ўзига қаратиш билан банд бўлади. Ҳар хил шоулар берилади. Ҳаммаси чинакамига шаффоф бўлади ва барчаси фуқаро учун қизиқ туюлади.
Фуқаро ўзига-ўзи «мен ҳам сиёсатнинг таркибий қисмиман, мен фаол бўлишим керак», дейди. Бизда эса бирор гап айтсангиз, «сиёсатга аралашма, тинч тур болам», деган гаплар урчиб туради. Улар-чи, Конгрессдаги жойнинг қадрини бойликлардан устун кўришади. Қанча кўп номзодингиз креслоларни эгалласа, сиз давлатни бошқарасиз. Улар орқали таклифлар берасиз. Содда қилиб айтсак, вакилингиз орқали қонунчилик сизнинг қўлингизда бўлади. Ислоҳотларни сиз амалга оширасиз. Ҳа, ҳа, партиянгиз Американи бошқаради.
Куни кеча Марказий сайлов комиссияси аъзоси, сиёсатчи ва журналист Шерзод Қудратхўжаев билан журналист ва блогерлар ўртасида сайлов ишларини ташкил этиш бўйича очиқ суҳбат ўтказилди. Расмийликдан қочилди ва иштирокчилар керакли таклифларни бериб ўтди.
Суҳбатда журналист, блогер Элдар Асанов ва Kun.uz журналисти Баҳодир Аҳмедовлар партия номзодлари сайловчилар билан учрашувларга борганда расмийликдан узоқлашиши кераклиги, мақсадларини оддий халқона тилда тушунтириши лозимлиги, халқ костюм-шимли ваъдабозлардан чинакамига зерикканини билдиришди.
Халқаро матбуот маркази вакили эса журналист ва блогерлар учун сайловларда кузатувчи сифатида қатнашиш очиқ бўлиши, натижаларни ҳисоблашда ҳам холис сифатида қатнашиши муҳим натижа бериши мумкинлигини тушунтирди.

















