Тошкент шаҳар ҳокимлигининг Вазиятлар марказида Сергели тумани мактабларида жорий этилган SI Davomat рақамли тизими тақдимоти ўтказилди.

Тизим таълим сифатини ошириш, ўқув жараёнини мунтазам таҳлил қилиш ва ўқувчилар давоматини назорат қилишга мўлжалланган. Лойиҳа мактаблардаги жараёнларни рақамлаштиришнинг биринчи босқичи сифатида тақдим этилмоқда.

SI Davomat дарсларнинг ташкил этилиши, ўқувчилар фаоллиги ва ўқитиш усулларини фанлар, синфлар ҳамда ўқитувчилар кесимида мунтазам таҳлил қилиб боради. Олинган маълумотлар ўқитувчиларни услубий қўллаб-қувватлаш, таълим сифатини баҳолаш ва KPI тизимини такомиллаштиришда қўлланади.

Смарт-камералар ва Face ID технологияси орқали ўқувчиларнинг мактабга келиши ва дарсларда қатнашиши автоматик қайд этилади. Тизим такрорий дарс қолдириш ҳолатларини, шу жумладан, ўқувчининг муайян фанлар бўйича машғулотларга мунтазам келмаслигини аниқлаш имконини беради.

Агар ўқувчи узрли сабабсиз дарс қолдирса, унинг ота-онасига SMS-хабарнома юборилади. Тизим «ERP Мактаб» ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг DMED тизими билан интеграция қилинган. Шу сабабли ўқувчининг касаллик туфайли дарс қолдиргани автоматик ҳисобга олинади.

Айни пайтда SI Davomat Сергели туманидаги 26 та мактабда ишламоқда. Уларда жами 446 та смарт-камера ўрнатилган.

Апробация натижаларига қараб, тизимни Тошкент шаҳридаги бошқа мактабларда ҳам босқичма-босқич жорий этиш режалаштирилган.