Сиёсий партиялар раҳбарлари ўртасидаги «Демократик дебат» ток-шоусида истеъмол саватчаси мавзуси ҳам кўтарилди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Бу масалада биринчи бўлиб Ўзбекистон Халқ демократик партияси етакчиси Улуғбек Иноятов сўз олди.

«Сайловолди дастуримиздаги энг муҳим йўналишлардан бири шу. Яъни бугунги кундаги одамларнинг турмуш кечириши учун яшаш минимумини белгилаш. Бунда энг кам ойлик маоши, нафақа ва стипендияни истеъмол саватчасига қараб белгилаш таклиф этилади.

Истеъмол саватчаси бугунги олинаётган минималга умуман тўғри келмайди, номутаносиб. Жаҳон ҳамжамиятида эса бу рақамлар ҳисоб-китоб қилиниб, қонунан мустаҳкамланган бўлади.

Ўзбекистонда ҳали бу қонун қабул қилинмаган. Шу қонунни қабул қилишимиз масаланинг қонуний ечимига олиб келади», – дейди Иноятов.

Журналистнинг: «Сизнингча, Тошкент шаҳрида беш болали оила учун истеъмол саватчасида қанча ойлик маош етарли?» деган саволига ХДП лидери 2,5 млн сўм деб жавоб қилди.

«Беш нафар фарзанди бор ва битта ойлик маоши билан яшаётган бўлса, 2,5 миллион ойлик олса, бемалол уйидаги беш нафар фарзанди билан... Буни иқтисодчилар ҳисоблаб чиққан», – деди Улуғбек Иноятов.

ЎзЛиДеП раҳбари Актам Ҳайитов, етарли маълумотга эга бўлмай туриб, истеъмол саватчасининг миқдори ҳақида хулоса чиқариш ноўрин, деб фикр билдирди.

– Истеъмол саватчасини ишлаб чиқишнинг ўз меъёрлари бор. 110-120та атрофида маҳсулот киради. Буни ҳисоб-китоб қилиб чиқариш керак. Ҳозир бу ерда ўтириб, фалон пул бўлади, дейиш мутлақо нотўғри. Ўтириб ҳисоб-китоб қилиб, аввал саватчага нима киришини аниқлаб олиш керак.

Ундан кейин, ўшанинг [истеъмол саватчасининг] миқдори ёшлар учун алоҳида, ёши катталар ва пенсионерлар учун алоҳида қилиб белгиланади. Шунинг учун қонун ва қонуности ҳужжатларини тўғри ишлаб чиқишимиз керак. Буни тезроқ қилишимиз керак.

«Адолат» СДП етакчиси Наримон Умаров истеъмол саватчаси миқдорини белгилаш осон иш эмаслигини айтиб, буни тўғри тушунишни сўради.