Жамият | 17:05 / 08.10.2019
7966
2 дақиқада ўқилади

Хатирчи туман ЎСТК раҳбари ишига қайта тикланди — Kun.uz’да ёритилган масала судда кўрилди

Kun.uz сайтида жорий йилнинг 22 сентябрь куни «Ватанпарвар»нинг Навоийдаги тизимидаги зиддиятлар: Хатирчи туман бўлими жамоаси вилоят ташкилоти раисидан норози» сарлавҳали мақола эълон қилинган эди.

«Ватанпарвар» ташкилотининг Хатирчи туман ўқув спорт техника клуби жамоаси мурожаати асосида ўрганилган суриштирувда жамоа «Ватанпарвар» вилоят ташкилоти раиси томонидан ўзларига нисбатан ноҳақлик қилинаётгани, бунинг ортидан клуб бошлиғи Акмал Пўлатов ҳам ишдан олингани, улар бундан норози эканликларини билдиришган эди.

«Ватанпарвар» ташкилотининг Навоий вилоят ташкилоти томонидан клуб раҳбарлигидан олинган А.Пўлатов биз билан суҳбатда барча ишлар жойида бўлишига қарамасдан вилоят ташкилоти раҳбари унга ноҳақ интизомий жазолар бериши, очиқча зиддиятга бориши, бу ўзига нисбатан уюштирилаётган фитнага ўхшашини билдирган эди.

Ўз навбатида «Ватанпарвар» ташкилотининг Навоий вилоят ташкилоти раиси Ж.Достонов А.Пўлатовнинг ўзбошимчалик билан қилган ишлари кўплиги, интизомий жазолари борлиги, бу иш билан прокуратура органлари шуғулланаётганини маълум қилганди.

Ушбу низо А.Пўлатовнинг ишга тиклашга доир даъво аризаси асосида фуқаролик ишлари бўйича Кармана туманлараро судида кўриб чиқилди.

Суднинг 2019 йил 3 октябрдаги ҳал қилув қарорига асосан А.Пўлатов Хатирчи туман ўқув спорт-техника мактаби раҳбарлигига қайта тикланди. «Ватанпарвар» ташкилоти Навоий вилояти ташкилотининг Акмал Пўлатов билан меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақида 2019 йил 25 июль кунидаги буйруғи ғайриқонуний деб топилди. Шунингдек, А.Пўлатовнинг мажбурий бекор юрган кунлари учун иш ҳақи ундирилиши белгиланди.

Бардошбек САМАД ўғли,

Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид