Пахта терими мавсумида мажбурий меҳнатнинг олдини олиш борасида хато ва камчиликлар кузатилмоқда - Сенат
2019 йил 9 октябрь куни Олий Мажлис Сенатида Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссиясининг йиғилиши бўлиб ўтди.
Уни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси, Миллий комиссия раиси Танзила Норбоева олиб борди, дейилади Сенат ахборот хизмати хабарида.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси президентининг 2019 йил 30 июлдаги “Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан тузилган Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси зиммасига юклатилган вазифаларнинг ижросини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди.
Жумладан, Миллий комиссия ва унинг таркибида ташкил қилинган Одам савдосига қарши курашиш ҳамда Мажбурий меҳнатга қарши курашиш масалалари бўйича кичик комиссиялар низомлари, 2019-2020 йилларда одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш соҳасида давлат органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар режаси (йўл харитаси) лойиҳалари кўриб чиқилди.
Шунингдек, кичик комиссиялар ҳамда ҳудудий комиссиялар иш фаолияти самарадорлигини ошириш, уларнинг ҳисоботларини юритиш, хорижда бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоя қилинишини таъминлаш масалалари, бу борада Миллий комиссия томонидан келгусида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар, одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида кенг жамоатчиликни, хусусан, халқаро ҳамжамиятни хабардор қилиш орқали Ўзбекистон Республикасининг имижини яхшилаш ва бошқа масалалар юзасидан фикрлар билдирилди.
Миллий комиссия аъзолари бугунги кунда мамлакатда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан фуқароларни чет элда расмий ишга жойлаштириш ишлари яхши йўлга қўйилмаганлигини, бунинг оқибатида чет элга мустақил равишда иш қидириб чиққан ҳамюртларимиз мураккаб вазиятларга тушиб қолаётганлигини қайд этишди. Миллий комиссия бундай салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида бу борадаги муаммоларни ўрганиш ва бартараф этиш учун ишчи гуруҳ тузишни мақсадга мувофиқ деб топди.
Шунингдек, ҳозирги вақтда республикада пахта терими мавсуми бошланган даврда мажбурий меҳнатнинг олдини олишга қаратилган саъй-ҳаракатлар олиб борилаётганига қарамасдан жойларда бу борада хато ва камчиликлар кузатилаётгани ҳам таъкидланди.
Йиғилишда Миллий комиссиянинг фаолиятида очиқлик ва ошкоралик тамойилларига риоя қилиш, Миллий комиссиянинг расмий веб-сайтини ишлаб чиқиш ва унинг фаолиятини таъминлаш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг чет элдаги ваколатхоналари мазкур йўналишда амалга оширилаётган ишлар ҳақида халқаро жамоатчиликни кенг хабардор қилаётганлиги қайд этилди.
Мавзуга оид
15:24 / 25.11.2024
Туркияда одам савдоси қурбонига айланган ўзбекистонликка ёрдам кўрсатилди
22:30 / 25.10.2024
Хитойда 17 болани ўғирлаб сотган аёл ўлим жазосига ҳукм қилинди
19:00 / 24.10.2024
Давлат меҳнат инспекциясига мажбурий меҳнатга оид 283 та мурожаат келиб тушди
18:02 / 10.10.2024