Ўзбекистонлик иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов Ўзбекистоннинг 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси лойиҳаси ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтди. Қуйида Ҳошимовнинг пости келтирилади.
Ўзбекистоннинг 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси лойиҳасини муҳокамага қўйишибди. Ҳозирча шундай муҳим лойиҳа, афсуски, фақат рус тилида ёзилган. Ўзбекчада таржимасини ҳали қўйишмабди.
Албатта, камида 10 йиллик ривожланиш режаси қизиқ кўриниши мумкин, лекин мен бир нарсани тушунмаяпман, шу ҳам бўлса энг муҳим ҳисоб-китобларни. Ёмон гумон деб атайин шундай рақамлар қўйишган демайман, яхши гумон қиламан, яъни менимча хато холос.
Қаранг, режага кўра, «реал ЯИМнинг 2,1 бараварга ва аҳоли жон бошига тўғри келадиган ЯИМнинг 2030 йилга бориб 3 бараварга ёки 2018 йилдаги 1533 доллардан, 4538 долларгача ошириш мақсад сифатида қабул қилинади. Ушбу мақсадларга эришиш учун иқтисодий ўсишнинг ўртача йиллик суръатини камида 6,4% даражасида ушлаб туриш керак.»
Конверт орқасида ҳисоб: агар ялпи ЯИМ 2.1 баробар ўсди дейлик, яъни бугунги кунда 50.5 миллиард доллардан, 2030 йилда 106 миллиард долларга ўсди дейлик.
Шунда йилдан йилга қанча ўсиш бўлган?
Оддий логарифмик тенглама: 50.5*(1+х)^10= 106.06. Шунда х=0.077, яъни ҳар йили камида 7.7 % ўсиш керак, қисқа қилиб айтса 6.4 % эмас.
Энди агар 6.4 % фоиз ўсиш бўлса-чи? ЯИМ қанча бўлади?
ЯИМ: 50.5*(1+0.064)^10=93 миллиард. Бу дегани биз 2.1 баробар эмас, 1.8 баробар ўсамиз.
Лекин, 1991 йилдан умумий ЯИМни ҳисобласак, тахминан 4.7 %га ўсиб келдик. Бу ўсишнинг катта қисми аҳоли сони ўсиши деб ҳам бўлган, яъни шу 27 йилда аҳоли тахминан 50 %га ўсган.
Шунинг учун йилдан йилга киши бошига қанча ўсди десак, ҳисоб китоб қуйидагича:
652*(1+х)^27=1532, шунда х=0.032.
Қисқаси, аҳоли бошига биз мустақилликдан бери ўртача 3.2 %га ўсиб келдик (бу ерда битта соддалаштириш қиляпман, лекин маъно ўзгармайди). Энди, шу нуқтаи назардан 7.7 % ҳам 6.4 %га ўсишни жуда қийин деб ўйлайман. Балки эҳтимоли нолга яқин.

















