Давлат илмий ташкилотларининг илмий фаолият юритувчи ходимларига 48 иш кунидан иборат йиллик ҳақ тўланадиган ҳамда моддий ёрдамни кўзда тутадиган меҳнат таътили бериш тартиби жорий қилинади. Бу «Илм-фан ва илмий фаолият тўғрисида»ги Қонунда кўрсатилган бўлиб, мазкур қонун Сенатнинг 23-ялпи мажлисида маъқулланди.
Ушбу қонун 7та боб, 48та моддадан иборат бўлиб, илмий фаолият юритувчи жисмоний шахсларнинг меҳнат ҳуқуқлари, мажбуриятлари, уларга бериладиган имтиёзларни белгилаб беради.
Илмий фаолият натижаларини тижоратлаштириш ҳамда илм-фан ва илмий фаолият соҳасини молиялаштириш масалалари батафсил кўрсатиб берилган. Хусусан, базавий молиялаштириш; илмий лойиҳаларни молиялаштириш; стажёр-тадқиқотчилик, таянч докторантура ва докторантурани молиялаштириш; ноёб илмий объектларни сақлашни молиялаштириш; илмий асбоб-ускуналардан жамоавий фойдаланиш марказларини молиялаштириш илм-фан ва илмий фаолият соҳасини молиялаштиришнинг йўналишларидир.
«Илм-фан ва илмий фаолият тўғрисида»ги Қонун асосида жисмоний ва юридик шахслар учун илмий фаолиятни қўллаб-қувватлаш жамғармаларини тузиш мумкинлиги ҳуқуқи берилмоқда.

















