Ўзбекистон Республикаси президентининг “Шоличиликни барқарор ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокама учун эълон қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, “Ўздонмаҳсулот” акциядорлик компанияси, Ўзбекистон фермер, деҳқон ва томорқа ер эгалари кенгашининг шоли етиштириш, сақлаш, қайта ишлаш ва сотишга ихтисослаштирилган “Ўзбекшоличилиги” уюшмасини ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилиши мумкин.

Қуйидагилар Уюшманинг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари этиб белгиланади:

шоличиликни ривожлантириш борасида қабул қилинган дастурларнинг амалга оширилишини мувофиқлаштириш;

юқори сифатли шоли маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳамда аҳолини бундай маҳсулотлар билан таъминлашни ташкил этиш;

шоли уруғчилигини ривожлантириш, инновацион технологиялар асосида юқори ҳосилли маҳаллий шоли навларини яратишда Шоличилик илмий-тадқиқот институти билан ҳамкорлик қилиш;

шоличилик соҳасида фаолият юритаётган хорижий ташкилотлар билан ўзаро тажриба алмашишни йўлга қўйиш, ходимларнинг мазкур ташкилотларда доимий равишда малакасини ошириб боришни ташкил этиш ҳамда халқаро молия институтларининг маблағларини жалб қилиш;

ҳудудлар кесимида шоли етиштиришнинг прогноз ҳажмларини белгилаш бўйича таклифлар ишлаб чиқишда иштирок этиш;

шоли етиштириш, қабул қилиш, сифатини аниқлаш, сақлаш, қайта ишлаш ва ҳисобини юритиш ҳамда ушбу механизмларни такомиллаштириш бўйича тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишда иштирок этиш;

замонавий қайта ишлаш қувватларини ишга тушириш, ёпиқ сиғимлар қуриш ва ушбу мақсадлар учун хорижий инвестицияларни жалб қилишга кўмаклашиш;

шоли ва гуруч маҳсулотларининг ички ҳамда ташқи бозорларидаги нархлари мониторингини юритиш.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоят ҳокимликлари Уюшма, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси билан биргаликда ҳар йили 1 мартга қадар сув баланси прогнозидан келиб чиққан ҳолда шоли экинларини жойлаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига тақдим этади.

Уюшма қошида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда шоличиликни ривожлантириш жамғармаси ташкил этилади.