Дунё автосаноатининг энг бой одамлари маълум қилинди
Bloomberg ахборот агентлиги автомобил ишлаб чиқарувчи компаниялар ва автодилерлар акцияларига эгалик қилувчи энг бой одамлар рейтингини тузди.
Рейтингнинг энг юқори ўрнини Microsoft асосчиси Билл Гейтс эгалламоқда, унга AutoNation автодилерининг 914 млн долларлик акцияси тегишли бўлиб, бу қиймат Гейтснинг 105 млрд долларлик капиталининг 0,9 фоизини ташкил қилади.
2-ўринни Tesla Inc. компаниясининг иккинчи энг катта акциядори, Oracle асосчиси Ларри Эллисон эгаллаган. Унга компаниянинг 730 млн - 1 млрд долларлик акциялари тегишли (58,5 млрд долларлик умумий бойлигининг 1,3 фоизи). 3-ўринни Tesla бош директори Илон Маск эгаллаган, унга компаниянинг 8,3 млрд долларлик акциялари тегишли (22 млрд долларлик бойлигининг 37 фоизи).
4-ўринни қурилиш соҳасидаги магнат Паллонжи Мистри эгаллаган. У Tata Motors Ltd. ҳинд компаниясининг 302 млн долларлик акцияларига эга (19,7 млрд долларлик бойлигининг 1,5 фоизи). 5-ўринни отаси Геберт Квандтнинг BMW’нинг 8,76 млрд долларлик акцияларини мерос қилиб олган Сюзанна Клаттен эгаллаган (18 млрд долларлик бойлигининг 48 фоизи).
Шунингдек, етакчи ўнталикка BMW акциядори Стефан Квандт (умумий бойлиги14,8 млрд доллар), Geely Automobile Holding ва Zhejiang Geely Holding Group акциядори Ли Шуфу (10,6 млрд доллар), Continental AG ва Schaeffler AG акциядори Георг Шеффлер (7,99 млрд доллар), Cox Automotive акциядорлари Блэр Парри-Океден (7,84 млрд доллар) ва Жеймс Кеннеди (7,84 млрд доллар) кирган.
Иккинчи ўнталикдан канадалик бизнесмен Жеймс Паттисон (James Pattison Group автодилер, бойлиги 6,35 млрд доллар), америкалик миллиардер Эрнест Гарсия (Carvana Co., Drive Time, бойлиги 4,93 млрд доллар), япон бизнесмени Хироши Микитани (Trust Co Ltd., бойлиги 5,87 млрд доллар), Маргаретта Тейлор (Cox Automotive, бойлиги 5,18 млрд доллар), Жеймс Кокс Чамберс (Cox Automotive, 5,18 млрд доллар), Кэтрин Рэйнер (Cox Automotive, 5,18 млрд доллар), малайзиялик миллиардер Квек Ленг Чан (Hong Leong Asia Ltd., Hong Leong Industries Bhd., 5,28 млрд доллар), ҳиндистонлик бизнесмен Рахул Бажаж (Bajaj Finance Ltd., Bajaj Auto Ltd., 5,2 млрд доллар), кореялик саноатчи Чон Монгу (Hyundai Motor Co., Hyundai Mobis Co., 4,5 млрд доллар) ва хитойлик миллиардер Ван Чуаньфу (BYD Co., BYD Co Ltd., 4,11 млрд доллар) ўрин олган.
Мавзуга оид
18:27 / 31.10.2024
Янги Cobalt Midnight 7,3 миллион сўм қимматроқ бўлади
23:20 / 03.10.2024
Билл Гейтс сунъий интеллект олдидаги учта асосий қўрқувини айтди
18:47 / 22.09.2024
АҚШдан ўғирланган ва ҳануз ишлаб чиқарилаётган «Буханка»
13:47 / 05.09.2024