Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилоятининг Қарши туманидаги 6-мактаб ўқувчилари мактаб ҳовлисида дарс ўтаётгани тасвирланган видео тарқалди. Facebook’даги «Potrebitel.uz» гуруҳида қолдирилган хабарда мактабда синфхоналар етишмаслиги сабаб инглиз тили дарси ҳовлида ўтилгани ҳақида айтилди.
Дастлаб Қарши туман халқ таълими бўлими мудири ушбу видео ва суратлар тумандаги мактабларга оид эмаслигини маълум қилганди.
Кейинроқ Қашқадарё вилоят халқ таълими бошқармаси ва Қарши тумани ҳокимлиги ушбу ҳолатни ўрганиб чиқди ва тумандаги 6-мактабда дарс чиндан ҳам асфальт устида ўтказилганини тасдиқланди.

«Қарши туманидаги 6-мактабда дарс машғулоти асфальт устида ўтказилганлиги акс этган видеолавҳадаги ҳолат юзасидан тегишли маълумотлар Қашқадарё вилояти халқ таълими бошқармаси, туман ҳокимлиги ҳамда туман матбуот хизмати томонидан ўрганиб чиқилди.
Мактаб қуввати 1060 ўқувчи ўрнига эга. Айни пайтда мазкур таълим даргоҳида 1884 нафар ўқувчилар таълим-тарбия олмоқда. Унда 141 нафар ўқитувчи фаолият кўрсатади. Ушбу мактаб учун 2018 йил 420 ўринли қўшимча бино қурилиб барча жиҳозлар, парта ва стуллар етарли даражада таъминланган ва дарс машғулотларини ўтказиш учун синфхоналар тўлиқ етарли. Мактабда синф сони 60та. Дарслар 2 навбатда ўқитилади. Жами 27та синфхона, 5та қўшимча синфхона, 6та фан кабинетлари ва дарслар бўлиб ўқитиладиган 12та кичик хоналар мавжуд.
Мазкур видеолавҳадаги ҳолат юзасидан суриштирув ўтказилганда, қуйидагилар аниқланди: мактабнинг VI «Г» синфида 1-гуруҳда Дилафрўз Ҳасанова ҳамда 2-гуруҳда Мафтуна Зарипова дарс беришади. Синфда ўқувчилар сони 32 нафарни ташкил этади. Асфальт устида ўтказилган дарс акс этган видеолавҳадаги ҳолат юзасидан Дилафрўз Ҳасанова қуйидагича изоҳ берди: 2019 йил 10 октябрь куни Дилафрўз Ҳасанова VI «Г» синфда тасдиқланган дарс жадвали асосида 4-соатда дарсини ўтган. Мавзу табиат манзараларига оид бўлганлиги сабабли дарс машғулоти тугашига 10 дақиқа қолганида ўқувчиларни мактаб ҳовлисига олиб чиққан ва мавзуга доир маълумотларни ўқувчиларга шу ерда тушунтиришга ҳаракат қилган. Инглиз тили фани методбирлашма раҳбари Д.Эркаева эса дарс машғулотини ўқитувчи Қўзибоева Нодиранинг телефони орқали видеога олган. Д.Эркаеванинг айтишича, у шунчаки тасвирга олган ва видеолавҳа бундай тарқалиб кетишини билмаганидан афсусланмоқда. Бундай ҳолатнинг ижтимоий тармоқларда тарқалиб кетганлигидан ўқитувчи Д.Ҳасанова ҳам афсусда эканлигини билдирди.



















